Европада жамоалар янги мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида турли хил ҳудудларда йиғинлар ўтказиш билан биргаликда ўртоқлик ўйинлари ёки кичик турнирларда иштирок этмоқда.
Сингапурда бўлиб ўтган ўртоқлик ўйинида «Арсенал» ҳамда «Милан» жамоалари ўзаро тўқнаш келишди. Учрашувнинг 53-дақиқасида лондонликлар футболчиси Букайо Сака томонидан урилган ягона гол эвазига «тўпчилар» ғалаба қозонишди. Баҳс якунидан кейин бўлиб ўтган ўзига хос пеналтилар сериясида эса «Милан» 6-5 ҳисобида зафар қучди.

Учрашув статистикасига кўра инглиз клуби 23 марта дарвозага зарба йўллаган бўлса, италияликлар бу ишни 3 марта амалга ошира олишди.
«Арсенал» тарбияланувчиси бўлган Англиялик 15 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи Макс Доуман ушбу учрашувда илк марта асосий жамоа таркибида майдонга тушди.
