Аргентина футбол ассоциацияси (AFA) 15 июлни расман Миллий футбол жамоалари куни деб эълон қилди. Бу сана 2026 йилги Жаҳон чемпионати ярим финалида Англия устидан иродали ғалаба қозонган миллий терма жамоа шарафига белгиланди.
AFA баёнотига кўра, мазкур қарор фақат эркаклар миллий терма жамоасининг муваффақиятини эмас, балки мамлакат футболидаги барча йўналишларни эътироф этишга қаратилган. Янги сана эркаклар, аёллар, ёшлар, футзал, пляж футболи ҳамда майдон футболи терма жамоаларининг ютуқларини ҳам ўзида мужассам этади.
2026 йилги Жаҳон чемпионати ярим финалида Аргентина Англияга қарши учрашувда иродали ғалаба (1:2) га эришган эди. Жамоа дастлаб ҳисобда ортда бораётганига қарамай, учрашув сўнгида Энцо Фернандес ва Лаутаро Мартинес урган голлар эвазига вазиятни ўз фойдасига ўзгартирган.
AFA ушбу сана мамлакат футболи тарихи учун муҳим рамзий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Федерация фикрича, Миллий футбол жамоалари куни барча терма жамоаларнинг ютуқларини нишонлаш, янги авлод футболчиларини руҳлантириш ва Аргентина футболининг бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Аргентина ва Буюк Британия ўртасида Фолкленд (Малвина) ороллари устида 44 йилдан буён сиёсий қарама-қаршилик сақланиб келмоқда.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади