«Сурхон» клуби «Бунёдкор»га қарши бўлиб ўтган учрашувда 1:0 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди. Ўйиндан сўнг термизликлар устози Анвар Ғофуров матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ассалому алайкум. Қизиқарли ўйин бўлишини аниқ билгандим. Иккита жамоага ҳам очко керак. Кўплаб жамоаларда муаммолар бор. Тўқнаш келдик, бугун. Иккала жамоада муаммолар бор... Бунга қарамасдан, яхши ўйин кўрдик, деб ўйлайман. Вазиятга бой бўлди. Мен «Бунёдкор»ни биламан, уларнинг ДНКсини биламан. Бу ерда қайси таркиб тушмасин, яхши футбол кўрсатади ва шунга ҳаракат қилишади, ҳеч бўлмаса. Яхши футбол кўрсатган. Бизнинг футболчилар ҳам яхши ўйин кўрсатишди. Уларга каттадан-катта раҳмат. Жуда катта меҳнат қилишди, жуда кўп куч беришди, бу ўйинга. Улар ҳам бизга қанчалик очко зарурлигини билишарди ва бунинг уддасидан чиқишди. Уларга каттадан-катта раҳмат.
Биз мухлисларга, Термиздан келиб, бизни шунча «поддержка» қилиб, қўллаганлари учун раҳмат айтамиз. Мен ўйлайманки, улар ҳам хурсанд бўлиб, уйга қайтишади хотиржам, ўз оилаларининг ёнига. Катта раҳмат. Болаларга, барча йигитларга каттадан-катта раҳмат ўйин учун.
- Бунга қадар учта ўйинда жамоангиз гол урмаганди. Асосий ҳужумчи кетгач, ўрни қанчалик билиняпти? Ҳужумчи қанчалик етишмаяпти?
- Статистика гапиряпти, бу аниқ, менимча, жуда кўп жамоаларда муаммо бор, бу муҳим муаммо. Барибир ўша керакли жойда майдон ҳам ўз сўзини айтади-да. Мана, яхши стадионда гол урдик. Олмалиқда ўйнаганимизда қанақадир сал нотекислик бор эди ва сал намроқ эди. Лекин етарлича вазиятлар яратяпмиз. Миржалол Қошоқович айтганларидек, жуда кўп вазият яратяпмиз, аммо охирги нуқтага... Бу ўйинда ҳам ўйлайманки, етарли вазиятлар яратдик. Аммо лекин шу охирги нуқтани қўядиган ҳужумчи ҳозирча йўқ-да. Ҳа, ёшлар бор, аммо уларга ҳам вақт керак. Улар агар ҳар битта вазиятдан унумли фойдаланаётган бўлганида, бизда ўйнамасди, балки чет элда ўйнаётган бўларди. Ишлашда давом этамиз. Шу билан футбол қизиқ, балки янги бирор қайси ҳужумчини кашф қилармиз.
- Ўзбекистон Кубогидан «Сурхон» кутилмаганда тарк этди. Шундан кейин тайёргарлик қанақа кечди? Кутилмаган натижа бўлдими?
- Кутилмаган... Кимгадир шундай туюлиши мумкин. Мен илтимос қиламан, бизнинг ўйинни ва «Бухоро» билан бўлган ўйинни кўрсанглар, жуда яхши шаклланган жамоа, бу. Гуруҳ босқичида, «Бухоро» бу жамоага ютқазди. «Бухоро» ҳар битта ўйинга астойдил тайёргарлик кўраётган жамоалардан бири. Уларга рўпара келадиган жамоанинг ўзи йўқ. Мана бу ўйинга тайёргарлик. Ўйин борасида у бошқа саволлар. Лекин ҳар битта футболчи ўйиннинг бошидан охиригача борини беришга тайёр. «Бухоро» шундай коллектив қилинганки, аввал «Бавария»ни айтишар эди-ку, машина. Худди шундайдек. Улар жуда, жуда яхши жамоа. Лекин биринчи лига клубини кимдир менсимаяпти-да. Бизда ҳам ўша вазиятлар бор эди. Лекин биз ўз вазиятларимизни охиригача етказа олмадик.
Бу футбол, қанақа клублар ютқазмайди? Ўша «Реал Мадрид» ҳам ўтган йилми, бу йилми, ўша кубокда биринчи лига жамоасига ютқазди. Шанинг учун шу билан футбол қизиқ. Биз албатта, хоҳлагандик, боримизни бергандик. Болалар борини берди. Бироқ вазиятдан унумли фойдаланмаслик шундай бўлади.
- Шахсан бош мураббий томонидан бироз менсимаслик бўлмадими?
- Йўқ, йўқ. Бор футболчилар майдонга тушди. Уларга қачондир имконият бериш керакки, мана бизлар ҳозир битта таркиб билан ўйнаб боряпмиз-да, уларга ҳам дам бериш керак. Бу йигитларга ҳам ишонишимиз керак. Иложи йўқ. Агар бу болаларга ишонмасак, ўнта ўйин мана булар ўйнасин, асосий таркиб ўйнаб келсин. Кейин ўн биринчи ўйинда бирор ким жароҳат олиши мумкин. Қизил карточка, сариқ карточка ёки тўртта йиғилиб қолиши мумкин. Уни ўрнига бошқа футболчи чиқараман десам, кимга тўғри келади? Яна шу ёшроқ болаларга, тўғрими? У болани мен майдонга чиқарганимдан кейин, унга бир нарса гапирганимдан кейин, у менга — энди, лекин менга эмас, балки ўзининг хаёлида ўйлаши мумкин: «У менга ўнта ўйин ўйнашга бермади, ҳозир битта ўйинда катта нарса талаб қиляпти...» Бу ҳам нотўғри. Биз уларга ҳам имконият беришимиз, ишонишимиз керак. Ҳа, бешта бармоқ ҳаммаси бир хил эмасдир. Барибир ҳаракат қилиб, уларга ишонч билдиряпмиз. Ҳа, ютқаздик, ҳаракат қилгандик. Лекин вазиятларимиз бор эди. Агар ҳар битта вазиятдан гол урадиган жамоа бўлса агар.
- Биринчи бўлимда 12 та бурчак зарбаси бўлди. Иккинчи таймда стандартлар кам бўлди. Ўйинга тушган Юсупов зўр тўп узатди. Фикрингиз бўйича, қанчалик даражада ўйинга қўшилди?
- Айтяпман-ку, биз ҳар битта футболчига ишонишимиз керак. Бу ёш болалар. Лекин уларга аста-секин имконият беришимиз керак. Агар улар майдонга чиқмаса, PlayStationʼда ўйнаб ўрганадими? Майдонга чиқиши керак, хато қилиши керак. У хатоларни биз кўриб чиқишимиз, тушунтиришимиз керак.
Биз тўғри тушунишимиз керак: булар ҳам инсон, булар ҳам хато қилади. Катта-катта юлдузлар ҳам хато қилади. Ўша агар хато бўлмаса, ҳеч ким гол уролмасди. Вазиятларга келадиган бўлсак агар, ўша бурчак зарбалари... Қандайдир вазият яратяпмиз ва ўша дарвозага киришимиз керак. Аммо улар ҳам ҳар битта жамоага ўхшаб ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолишга ҳаракат қилади, борини бериб. Ҳа, иккинчи таймда ёшлар тушди. Ҳозир улар ҳақида гапирсам, бизда келаси ўйинлар бор, тайёрланиб кўриш керак. Улар бизга керак.
Кимдир ўзини-ўзи юлдуз қилиб юбориши мумкин, ўша нарсалардан эҳтиёт бўлиш керак. Ҳар битта футболчи майдонга тушиб, ўзининг керакли нарсасини қиляпти, бажаряпти. Шундан хурсандмиз, мамнунмиз.
- Кейинги ўйин «Нефтчи» билан. Улар Қаршида йирик ҳисобда ютқазишди. Жамоангизга қарши ўйин олдидан «Нефтчи»ни бундай мағлубиятига қандай реакция билдирасиз?
- Бу ҳисобдан кейин бор аламини биздан олишга ҳаракат қилади. Бу нормал ҳолат, бу биринчи марта учрайдиган нарса эмас. Ўзини ҳурмат қилаётган яхши жамоалар, агар мағлубият бўлса агар, келаси ўйинда борини бериб, мухлислар олдида юзини ёруғ қилишга ҳаракат қилади. Лекин бизни йўналишимиз, ўзимизнинг жамоамиз ва ният қилган жойларимиз бор, ҳаракат қилишимиз керак юқорироқ, олдинроқ ўринда юришга. Шунга ҳаракат қиламиз.
Ким бўлишидан қатъий назар, ҳар битта жамоани ҳурмат қиламан, қайси ўринда бўлишидан қатъий назар. Аммо ўзимизнинг йўлимиз бор ва шу йўлдан борамиз», - дея Ғофуровнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.