Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Башакшеҳир» яримҳимоячиси Аббос Файзуллаев Саудия Арабистонига қарши баҳсда олган жароҳати сабабли 6 ҳафта майдонга туша олмайди. Бу ҳақда Истанбул клуби бош мураббийи Нури Шаҳин маълум қилди.
«Аббос, афсуски, операция қилинади ва 6 ҳафта майдонга туша олмайди. Эмин 6–8 ой, Ҳамза 6–8 ҳафта жамоадан ташқарида бўлади. Крис Опери операция қилинди ва 4 ой майдонга туша олмайди. Юсуф ҳам операция қилинди, унинг тикланиши учун 2–3 ҳафта керак бўлади. Ба ҳақида ҳам ҳозирча аниқ муддат айта олмаймиз», - дейди Шаҳин матбуот анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, 17 ноябр куни Ўзбекистон миллий жамоаси Доҳа шаҳрида Саудия Арабистонига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди. Ўйиннинг 53-дақиқасида рақиб футболчисининг қўпол ҳаракатидан сўнг Файзуллаев жароҳат олиб, майдонни тарк этган эди.
Аввалроқ ЎФА матбуот хизмати футболчининг ўнг оёқ тўпиқ қисми шикастлангани ҳақида хабар берганди.