Бугун
26
Ўзбек

Усмонали Исмоналиев: «Бўлажак ўйинга тайёрмиз, биз ўзимизга ишонамиз»

Эксклюзив
19 октябр, 01:45
Tribuna.uz мухбири Исмоналиев билан суҳбатлашди.
Усмонали Исмоналиев: «Бўлажак ўйинга тайёрмиз, биз ўзимизга ишонамиз»
Фото: Андижон ПФК

«Андижон» клубини 20 октябрь куни Ўзбекистон Кубоги чорак финалида Зоминда «Сўғдиёна» жамоасига қарши муҳим беллашув кутмоқда.

Чемпионатда сўнгги учта турда кутилмаган мағлубиятларга учраган «Бургутлар» ишончни оқлаш учун энди Кубок доирасидаги муҳим ўйинда иштирок этиб, ишқибозларни хурсанд қилишни мақсад қилган.

Бу борада жамоа сардори Усмонали Исмоналиев айрим саволларга жавоб берди.

- Усмонали, «Андижон» чемпионатда кетма-кет учта учрашувда мағлубиятга учрагани, албатта, кутилмаган ҳолат. Сиз бу вазиятга қандай изоҳ берасиз?

- Олдин бундай вазиятга деярли тушмаганмиз, айниқса, бу йил. Ўйлашимча, кетма-кет мағлубиятлар омадсизлик билан боғлиқ. «Бухоро»ни ютиб турганимизда ҳакамлар халақит қилишди, аммо гап кўпроқ ўзимизда. Омадсизлик туфайли охирида мувозанатни йўқотдик. Битта ғалаба бизни янада кучли қилади ва олдинга юришимизга сабаб бўлади. Бу ўйин «Сўғдиёна» билан бўлиб ўтади. Бу жуда қимматли ва муҳим учрашув. Ғалаба қозониб, ярим финалга чиқишни истаймиз.

Мағлубиятларимиз, боя айтганимдек, омадсизлик билан боғлиқ. «Қизилқум» билан ўтган ўйинда битта гол ўтказдик. Аммо статистикада биз ташаббусга эгалик қилганимиз кўринади. Тўпни назорат қилдик. Бухорода ҳам шунақа бўлди. Лекин ҳамма жойда натижа қолади. Худо хоҳласа, биз кучлимиз. Зоминда «Сўғдиёна»ни ютиб, мухлисларимизни хурсанд қилган ҳолда мағлубиятсиз серияга нуқта қўя оламиз. Кейин Самарқандда «Динамо»га қарши майдонга тушамиз. Худо хоҳласа, Кубокда ижобий натижа қайд этиб, Самарқандда ҳам яхши мотивация билан майдонга тушамиз. Биз ҳеч қаерда кучсиз ўйнамаганмиз. Ўйинларда имкониятларга эга бўла туриб, улардан етарлича фойдалана олмаяпмиз.

Жамоа сардори сифатида айта оламанки, биз бўлажак ўйинга тайёрмиз. Руҳий тушкунлик йўқ. Ғалаба билан ишқибозларимизни хурсанд қиламиз.

- Мағлубиятлардан кейин руҳий тикланиш, омадсизликни унутиш ва мотивация олиш қийин бўлмадими?

- Тўғри, қийинчилик бўлади. Лекин ўйинлар ўтиб кетди, орқага қайтариб бўлмайди. Айтиб ўтганимдек, жамоамиз охирги ўйинда ҳам тўлиқ устунлик қилди, ҳужумлар уюштирдик. Дарвозага кирмаса, қийин. Худо хоҳласа, битта ғалаба билан бу вазиятдан чиқиб кетамиз. Охирги ўйиндан кейин футболчилар, раҳбарият ва мураббийлар билан гаплашиб олдик. Бизда руҳий тушкунлик йўқ, ички муҳит ажойиб, жамоамизда муаммо йўқ. Фақат ўзимизни-ўзимиз руҳлантириб, майдонга чиқамиз ва ғалаба билан барчасини ювиб ташлаймиз.

- Бунгача «Андижон» «Сўғдиёна» билан жорий мавсумда икки марта ўйнади. Андижонда 4:0 ҳисоби қайд этилган бўлса, сафарда эса 1:0 ҳисобида ютқазди. Иккита учрашувдан хулоса қилинса, бўлажак рақибга қандай таъриф берасиз ва кўпроқ нималарга эътибор қаратиш лозим?

- Тўғри, «Сўғдиёна» уйида яхши ўйнаган. Битта вазиятни ҳал қилиб кетадиган футболчилари бор. Биз ҳам уларга муносиб қаршилик кўрсатиб келганмиз. Биз уларни яхши биламиз ва улар ҳам бизни яхши билишади. Эҳтиёткорлик билан ўйин бўлади. Чунки ўйиннинг қиймати жуда баланд. Биз ўзимизга ишонамиз. Худо хоҳласа, ярим финалга чиқамиз. Бу ўйинда ғалаба қозонишимиз шарт. Ҳамма Кубок ўйинини кутяпти. Албатта, жиззахликлар ҳам бу ўйинда ўз олдиларига мақсад қўйган. Охиригача жанг қилган жамоа ютади ва биз бу баҳсга тайёрмиз!

Бугунги янгиликлар