UFC ташкилоти россиялик жангчи Шарабутдин Магомедов (Шара Буллет) ва собиқ чемпион Исраэл Адесаня ўртасидаги тўқнашувни расман анонс қилди.
Ушбу жанг 5 декабр куни Саудия Арабистонида ташкил этиладиган UFC турнири доирасида бўлиб ўтади. Икки спортчи ўртасидаги баҳс кечанинг асосий жанги мақомини олган.
Шара Буллет ҳозиргача профессионал аралаш яккакурашлар фаолияти давомида 18 та жанг ўтказиб, уларнинг 17 тасида ғалаба қозонган ва фақат бир марта мағлубиятга учраган.
Нигериялик Исраэл Адесаня эса октагонда катта тажрибага эга. Унинг ҳисобида 24 та ғалаба ва 6 та мағлубият бор.
Шу тариқа, Саудия Арабистонидаги турнирда икки таниқли ўрта вазн жангчиси ўзаро куч синашади. Уларнинг тўқнашуви мусобақанинг марказий воқеаси бўлади.
Аввалроқ UFC Fight Night 271 доирасида Адесаня нокаутга учраб, кетма-кет тўртинчи мағлубиятини қабул қилиб олгани маълум қилинганди.