УEФА ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг истеъфосига эришишни мақсад қилган.
The Telegraph хабарига кўра, агар Инфантино ўз ихтиёри билан лавозимини тарк этмаса, УEФАга аъзо барча 55 та миллий ассоциация унга нисбатан ишончсизлик вотумини қўллаб-қувватлайди. Бундай ташаббусни илгари суриш учун эса УEФАга атиги 43 та аъзо федерациянинг овози кифоя қилади.
Манбага кўра, УEФА Инфантинонинг обрўсига путур етказишга қаратилган алоҳида режа устида ҳам ишламоқда. Қизиғи шундаки, бу лойиҳа бир вақтлар Инфантинонинг ўзи томонидан ишлаб чиқилган.
Хабарда айтилишича, Зепп Блаттер атрофидаги коррупция можароси даврида Инфантино УEФАда фаолият юритар экан, ташкилотни ФИФАдан узоқлаштириш ва муқобил жаҳон футбол тузилмасини яратиш бўйича махфий режа тайёрлаган. Ўша лойиҳа расман амалга оширилмаган бўлса-да, энди УEФА худди шундай чораларни Инфантинонинг ўзига қарши қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Маълумот учун, УEФА аввалроқ ФИФАнинг Жаҳон чемпионати ва бошқа мусобақалар тижорий ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш ташаббуси ортидан ташкилот раҳбариятига ишонч билдирмаслигини расман эълон қилган эди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади