УEФА ФИФАнинг Жаҳон чемпионати ва бошқа мусобақалар тижорий ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш режасидан воз кечганини олқишлади.
Ташкилот расмий баёнотида ушбу таклиф УEФАга аъзо миллий федерациялар, шунингдек, дунёнинг бошқа конфедерациялари томонидан бир овоздан рад этилгани таъкидланди.
УEФА футбол мухлислари, лигалар, клублар, футболчилар ва футбол ташкилотларига мазкур ташаббусга қарши чиққани учун миннатдорлик билдириб, футбол сотилмаслигини яна бир бор эслатди.
Шу билан бирга, Европа футбол иттифоқи ФИФА раҳбариятини кескин танқид қилди.
«ФИФАнинг амалдаги раҳбарияти нафақат УEФА, балки футбол оиласининг кўплаб аъзолари ишончини ҳам йўқотди», — дейилади баёнотда.
УEФА яқин ҳафталарда бошқа конфедерациялар билан биргаликда юз берган воқеаларни таҳлил қилиш ва бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун янги механизмлар ишлаб чиқишини маълум қилди.
Шунингдек, ташкилот ФИФА президенти Жанни Инфантино 2016 йилда берган шаффофлик ва ФИФА маблағларини футбол ривожи йўлида ишлатиш ҳақидаги ваъдаларини бажармаганини таъкидлади.
Маълумот учун, ФИФА аввалроқ Жаҳон чемпионати тижорий ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш режасидан расман воз кечган эди. УEФА эса ушбу қарорни «бутун футбол учун ғалаба» деб баҳолади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади