Тошкентнинг «Локомотив» шарафини ҳимоя қилаётган тажрибали ҳужумчи Темурхўжа Абдуҳолиқов жорий мавсумда яна тўпурарлар рўйхатида кураш олиб боряпти.
35 ёшни қаршилаётган тажрибали футболчи ҳамон ўз савиясида ва голлар уриш салоҳиятини йўқотмаганини барчага кўрсатиб қўймоқда.
У қария ўйинчи эмас, балки ёшларга намуна сифатида ўрнак бўлаётгани эътиборга молик.
Tribuna.uz нашри учун берган унинг қуйидаги интервюсини мутолаа қилинг.
- Суперлиганинг 11 тури ортда қолди ва кўпчиликни ёқимли маънода ажаблантирган ҳолда «Локомотив» сафида ҳозирга қадар жами 9 та гол уришга эришдингиз. Шундан 6 таси чемпионатда ва 3 таси Кубокда киритилди. Балки мавсум аввалида сизнинг шундай сермаҳсуллигингизга ишонишмасди...
- Авваламбор, ҳаммаси Яратгандан. Ҳаракат қиляпмиз, Худо беряпти. Сабабларига келадиган бўлсак, биргина ўзим ҳеч нима қила олмасдим. Жамоадошларим, мураббийлар штабини ҳам алоҳида айтишим керак. Ўз ишимни яхшилаб бажаришга ҳаракат қиляпман. Қаердадир ўхшаяпти, қаердадир йўқ. Лекин ёмон эмас. Тўғри, йил бошида кўпчилик бизни қариялар жамоаси, про лигадан чиққан ва яна про лигага тушиб кетишга даъвогар деб ўйлашаётганди. Бир ҳисобда шуниси ҳам яхши. Ўша билдирилган фикрларни акси бўлишига жамоа бўлиб, натижалар ва ўйинимиз билан жавоб беришга ҳаракат қиляпмиз. Озми-кўпми ўхшаяпти.
- Ҳужумчи сифатида қайд этаётган бундай сермаҳсуллигингиздан қай даражада қониқяпсиз?
- Орқага назар ташласангиз, ҳеч қачон қониқиш ҳосил қилмайсиз. Чунки ижобий натижалардан кўра, хатолар кўпроқ бўлади. Уни бундай ёки буни ундай қилсам бўларди, деган ўйлар бўлиши мумкин ва ҳар доим ўйинни яхшиласа бўлади. Тўғри, бундан ёмони ҳам бўлиши мумкин эди. Очколар ололмаслигимиз ҳеч гап эмасди. Бу тарафдан қарасак шукр қиламиз. Лекин ҳар доим вазиятни бундан-да, яхшироқ бажарсам бўларди-ку, деган хаёл ўтади. Шунинг учун машғулотларда янада яхшироқ бўлиши учун ҳаракат қиласиз.
- 35 ёшингизда алоҳида эътироф этиляпсиз. Темурхўжа Абдуҳолиқов иккинчи ёшлигини бошдан кечиряпти, деган фикрларни эшитяпмиз. Бунга қўшиласизми?
- Йўқ, бу иккинчиси эмас, учинчиси бўлса керак. 4 йил олдин «Қизилқум»да ўйнаганимда мени қарияга чиқариб қўйишганди, айниқса, ўша пайтдаги миллий жамоа бош мураббий ёши катта деб айтганди. Ҳайрон бўлгандим. Демак, бу учинчиси. У пайтда ҳам тўпурарлар орасида биринчи ўринда эдим. Статистикага қарасангиз ҳаммаси кўринади. Ўшанда ҳам иккинчи ёшлиги дейишганди, шу боис бу учинчи бўлса керак. Насиб бўлса, тўртинчиси, бешинчиси бўлишга ҳаракат қиламиз.
- Ўзингизга билдирилган танқидларга муносиб жавоб қайтаряпсиз ва нималарга қодирлигингизни бошқалар учун исботлашга ҳаракат қиляпсиз...
- Тўғрисини айтаман, танқидларга ҳам, мақтовларга ҳам эътибор бермайман. Бу ёшдан ўтганман. Энг асосийси, максимал футбол ўйнаб, роҳат олишни истайман. Биласиз, ёшингиз ўтиб боряпти, бир йил, икки йил, балки беш йил ўйнарсиз. Қачон ўз ишингизни максимал бажарсангиз шунда роҳатланасиз, тўғрими? Танқид ёки мақтовларга қараб эмас, балки бу пайтлар қайтмаслигини тушуниб, ғаниматлигини билиб, максимал даражада роҳатланишга ҳаракат қиламиз.
- «Локомотив» тажриба ва ёшлар уйғунлигида ҳаракат қиляпти. 11 турдан кейин қандай хулосалар пайдо бўлди ва мавсум охирида клубни қайси ўринда кўришимиз мумкин?
- Йил бошида бизга вазифа қўйилган: элитада қолиш! Ўйинларимизга қарасак, исталган учрашувда ғалаба қозонсак бўларди. Шуларни таҳлил қилиб чиқяпмиз. Айниқса, ютқазган ўйинларимизда, Фарғонадами ёки бошқасида ғалаба қозонсак бўларди. Хатоларимиз эвазига мағлубиятга учрадик. Ўйлайманки, «Локомотив» исталган рақиб билан ўйнай олишини исботлай олди. Яна қўшиш керак. Иккинчи даврада янада қийин бўлишини биламиз. Натижаларни яхшилашга ҳаракат қиламиз. Вазифалар ўзгармайди.
- Яқин кунларда мундиал бошланади ва миллий жамоамиз тарихий учрашувлар остонасида турибди. Бир сўз билан айтганда, миллий жамоамиздан нима кутяпсиз?
- Омад ёр бўлсин! Жаҳон чемпионати энг юқори даража деб ўйлайман. Фақат ижобий натижалар кутамиз. Нидерландияга қарши ўйинда ҳисобга қарайдиган бўлсак ҳам миллий жамоамиз тенгма-тенг ўйнаган. Демак, футбол деярли ҳамма жойда тенглашган. Ҳеч кимдан қўрқмасдан майдонга чиқамиз.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.