Дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси, беларуслик Арина Соболенко ўз мағлубиятлари билан боғлиқ қизиқарли тенденцияга изоҳ берди.
– Адашмасам, биринчи даврада Андреа Петкович [германиялик теннисчи] қизиқ бир статистикани айтиб ўтганди: Рим–2025 турниридан буён сизни финалга қадар мағлуб этганларнинг барчаси кейинги даврадаёқ ютқазиб қўйган. Бу статистикадан хабарингиз бормиди? Бу тенденция ҳақида билармидингиз?
– Кейинги даврада нима бўлишини билсангиз, мени ютишдан нима наф? (Кулади.) Йўқ, жиддий айтадиган бўлсам, менимча, бу шунчаки тасодиф. Билмадим. Балки, сўнгги мағлубиятларимнинг барчасида баҳс уч сет давом этгани учундир. Улар жуда мураккаб, қийин ўйинлар бўлди. Баъзан, рақибнинг ўйинини эртаси кунга белгилашади, уч сетлик баҳсдан сўнг яна яхши теннис кўрсатиш қийин кечади. Жисмонан тикланиш мушкул. Демак, бу, эҳтимол, тақвим билан боғлиқ масаладир. Билмадим. Лекин умуман олганда, статистика ҳайратланарли, теннисчиларга қўшимча босим ўтказиш учун бу ҳақда кўпроқ гапиришимиз керак (кулади), – деди Соболенко ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, Торонтода (Канада)ги мусобақанинг тўртинчи даврасида Арина Соболенко россиялик Екатерина Александровага 6:7 (3:7), 6:4, 4:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.