Пролигада ҳам мавсум якунланиб боргани сари интрига янада жиддий тус олмоқда.
Ғузорнинг «Шўртан» жамоаси ҳам Суперлигага йўлланмани қўлга киритиш учун астойдил курашаётганини биласиз. Бу йўлда яқинда бош мураббийини ҳам ўзгартирди. Асрор Алиқулов ўрнига Ихтиёр Каримов тайинланди.
Жамоа ғалабалар қозониб, мусобақа жадвалида иккинчи поғонага кўтарилиб олди. Охирги турда эса ўз уйида «Жайхун» 3:0 ҳисобида мағлуб этилди.
Кўриниб турибдики, Ихтиёр Каримов бош мураббийликка қайтгач, ғузорликларда элитага қайтиш учун имконият янада ортмоқда. Бош мураббий айрим саволларга жавоб берди.
- Келгуси мавсумда раҳбарият ишонч билдириб, асосий жамоани яна сизга топширишга қарор қилса, таклифни қабул қиласизми?
- Агар менга шундай имконият беришса, бемалол ишлашда давом этаман. Энг аввало, ўзим бу ишга тайёр бўлишим ва буни ҳис қилишим керак. Агар ўзимни тайёр деб билсам, бемалол ишлай оламан.
- «Шўртан» ўтган турда «Жайхун»ни енгди. Ўйинга тайёргарлик жараёнида рақибнинг қайси жиҳатларини ўргандингиз ва ижобий натижага эришишда уларни қай даражада ҳисобга олдингиз?
- Биз ушбу ўйинга тайёргарлик жараёнида рақибимизнинг шундай енгил ва чаққон ҳаракатлари, тактик усулларини ўргангандик. Бунинг эвазига ҳисобда йирик натижага эришдик. Охирида, албатта, бироз бўшашдик ва гол ўтказиб юбордик. Умуман олганда, ўйин учун футболчиларга катта раҳмат айтаман.
- Ўзгаришлар жамоангизга қанчалик наф берди? Масалан, аввалги ўйинларда Ғанишер Қодировни учрашув охирида майдонга туширардингиз. Бу сафар эса унга биринчи таймдан имконият бердингиз. Унинг ўйини қай даражада қовушди? Ўзгаришлардан қайсилари самара берди, қайсилари эса кутилган натижани келтирмади, деб ҳисоблайсиз?
- Саволингизга умумий тарзда жавоб бермоқчиман. Ўйин давомида алмаштиришлар амалга оширганимизда, аввало, марказда ҳаракат қилаётган ярим ҳимоячиларимизга бироз дам беришимиз керак эди. Шу сабабли марказда ўйинга тўлиқ мослашмаган, етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаган футболчиларни майдонга туширишга мажбур бўлдик. Чунки биз кейинги ўйинга тайёргарликни аллақачон бошлаб юборгандик, ҳатто ҳозирдан бошладик, десам ҳам бўлади.
Шунинг учун Ғанишерга айрим вазиятларда аниқ паслар етиб бормади. У ёмон ҳаракат қилмади, гол уриш учун имконияти ҳам бўлди. Бироз шошилди ва ўз имкониятларидан фойдалана олмади. Ўйлайманки, алмаштиришни амалга оширишимиз керак эди. Яна бир бор таъкидлайман, бу тактик ўзгариш эди.
- Ихтиёр ака, «Шўртан» футбол клубининг мавсумни муваффақиятли якунлаш имкониятини қандай баҳолайсиз? Жамоа олдига қўйилган мақсадга эриша оладими ёки вазият анча қийинми?
- Вазиятни оғир деб бўлмайди. Энг аввало, ўз ўйинларимизда кўзланган натижага, яъни ижобий натижага эришишимиз керак. Кейин нима бўлишини кўрамиз. Бу — футбол, балки мақсадимизга етиб борармиз. Буни вақт кўрсатади.
- Жамоангизни «Жайхун»га қарши учрашувида жамоангиз биринчи таймда бошқача, иккинчи таймда эса бироз бошқача ўйин кўрсатди. Иккинчи бўлимда ўйин суръати пасайгандек туюлди. Буни нима билан изоҳлайсиз?
- Айтганимдек, биз бу рақибга қарши ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик. Уларнинг яхши жамоа эканини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Ҳисоб 2:0 бўлганидан кейин ҳар қандай жамоа ҳам эҳтиёткорроқ ўйнай бошлайди. Биз ҳам олдинга ҳаракат қилишни бироз камайтирдик. Учинчи голни урганимиздан кейин эса ўйин суръатини янада пасайтириб, секинроқ ҳаракат қила бошладик.
Шунингдек, иккита марказий ўйинчини алмаштириб, уларнинг ўрнига бошқа позицияларда, асосан қанотда ҳаракат қиладиган футболчиларни марказга қўйганимиздан кейин учрашувнинг охирги қисми бироз асабий кечди.
«Шўртан» бош мураббийи: «Вазиятни оғир деб бўлмайди»
Эксклюзив
13 октябр, 01:45
Бош мураббий айрим саволларга жавоб берди.
Фото: Шўртан ПФК