Live
1
Ўзбек

Шомуродов — Ўзбекистонда 2025 йилнинг энг яхши футболчиси, Кападзе — энг яхши мураббий

Футбол
30 январ, 02:15
Ўзбек футболида бир қатор номинациялар бўйича йилнинг энг яхшилари аниқланди.
Шомуродов — Ўзбекистонда 2025 йилнинг энг яхши футболчиси, Кападзе — энг яхши мураббий
Foto: UFA

Бугун, 30 январ куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конгресси бўлиб ўтди.

Дастлаб журналистлар учун «Ситуацион марказ»да миллий жамоа ва миллий жамоа футболчиларига оид статистика ҳамда кўрсаткичлар бўйича маълумот берилди.

Қолаверса, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов, спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия Қўмитасининг Биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда спорт соҳаси мутасаддилари «Ситуацион марказ» фаолияти билан танишди.

Конгресс кун тартибидан эса:

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 2025 йил 22 февралда ўтказилган Навбатдан ташқари Конгресс баённомасини тасдиқлаш;

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 2025 йил молиявий кўрсаткичларини текшириш бўйича аудиторлик ҳисоботини тасдиқлаш;

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 2025 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи;

Тадбирнинг иккинчи қисмида «йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими»ни ўтказиш каби масалалар ўрин олди.

Ташкилот раҳбарлиги учун ўтган сайловларда Баҳодир Қурбонов ЎФА президенти, Равшан Эрматов ЎФА биринчи вице-президенти ҳамда Одил Аҳмедов ЎФА вице-президенти лавозимига қайта сайланди.

Маросимнинг иккинчи қисмида бир қатор номинациялар бўйича 2025 йилнинг энг яхшилари эълон қилинди. Ўзбекистон миллий жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиққан Темур Кападзе энг яхши мураббий, Туркия Суперлигасида тўпурар бўлиб турган «Истанбул Башакшеҳир» ҳужумчиси Элдор Шомуродов энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, миллий жамоларга энг кўп футболчи етказиб бераётган «Пахтакор», «Насаф» ва «Бунёдкор» жамоалари махсус соврин билан тақдирланди.

Барча номинациялар ғолиблари:

Йилнинг энг яхши футболчиси — Элдор Шомуродов («Башакшеҳир»);

Энг яхши аёл футболчи — Диёра Ҳабибуллаева («Севинч»);

Аёллар лигасининг энг яхши футболчиси — Нилуфар Қудратова («Севинч»);

Энг яхши мураббий — Темур Кападзе (Ўзбекистон миллий жамоаси / «Навбаҳор»);

Аёллар футболида энг яхши мураббий — Владислав Хан («Севинч»);

Энг яхши ёш ўйинчи — Садриддин Ҳасанов (Ўзбекистон U-17 жамоаси вингери);

Энг яхши ҳакам — Илгиз Танташев;

Энг яхши аёл ҳакам — Насибабону Тошмуҳаммедова;

Болалар футболи бўйича энг яхши мураббий — Юсуф Эргашев («Бунёдкор»);

Энг яхши ҳудудий футбол ассоциация — Қорақалпоғистон ФА;

«Фидойилик рамзи» — Ҳусан Темиров (узоқ йиллар «Насаф» ўйинларини шарҳлаб борган шарҳловчи);

«Фулболимиз нуронийси» — Аҳрол Иноятов («Пахтакор» собиқ футболчиси).

Бугунги янгиликлар