Бразилиянинг «Сан-Паулу» клуби собиқ тарбияланувчиси Тиерри Анри Сантос Соуза жамоа устидан судга мурожаат қилиб, қарийб 5 миллион реал (700 минг фунт) миқдорида товон пули талаб қилмоқда. Goal нашрининг ESPN Brazil маълумотларига таяниб хабар беришича, 19 ёшли ҳужумчи клуб академиясида фаолият юритган даврида бир неча бор жароҳат олган ва унинг соғлиғига етарлича эътибор берилмаганини таъкидламоқда.
Футболчи 13 ёшида «Сан-Паулу» академиясига қўшилган, 2023 йилда эса 16 ёшида илк профессионал шартномасини имзолаган. Унинг даъвосига кўра, фаолияти давомида тиззаси, сони, тўпиғи, қўли ва қов соҳасидан беш марта жароҳат олган. У март ойида клубни тарк этишни сўраган.
Футболчининг адвокатлари клуб тиббий ходимларини лоқайдликда айбламоқда. Уларнинг таъкидлашича, январ ойида хусусий тиббий суғурта доирасида ўтказилган текширувларда қов суяги соҳасидаги яллиғланиш ва думба мушакларида шиш аниқланган. Шунга қарамай, футболчи профилактик машғулотлар дастурига жалб этилиб, кейинчалик машғулотларга қайтишига рухсат берилган.
Шунингдек, даъво аризасида футболчи ўтган йили ўнг сонининг тўрт бошли мушагида 34 фоизлик куч ёки ҳажм етишмовчилиги аниқланганидан атиги саккиз кун ўтиб, майдонга тушишга рухсат олгани айтилади. Футболчининг адвокатлари айрим жароҳатларга нотўғри ташхис қўйилганини ва улар тўлиқ тузалмасдан туриб машғулот ҳамда ўйинларга қайтишга рухсат берилганини билдирмоқда.
«Бу баҳс спортчининг жароҳат олган-олмагани ҳақида эмас — клубнинг ўзи буни ёзма равишда тан олган. Гап шундаки, профессионал тиббий бўлимга эга клуб қандай қилиб боғлам узилишини «Ахиллес тендинопатияси» деб қайд этгани, жароҳатлар тузалмасдан туриб футболчига рухсат бергани ва қов суяги соҳасидаги яллиғланишга “профилактик машғулотлар” билан жавоб қайтаргани ҳақида», — дейилади футболчи адвокатлари номидан берилган баёнотда.
Ҳужумчи томони 2023 йилда имзоланган шартномадаги 60 миллион евролик товон пули бандига ҳам эътибор қаратган. Адвокатларнинг фикрича, бу сумма клуб футболчининг келажагига катта умид боғлаганини кўрсатади. Бўйи 1,93 метр бўлган ҳужумчининг асосий жамоага кўтарилиши билан маоши ҳам ошиши кўзда тутилган.
Футболчининг расмий даъвоси 4 247 291,80 реални ташкил этади. Бу суммага йўқотилган даромад, тўланмаган таътил пули, маънавий зарар, шартномавий жарималар ҳамда ўтган ва келажакдаги тиббий харажатлар киритилган. Адвокатлик харажатлари учун қўшимча 15 фоиз ҳисобланганда, умумий талаб қарийб 5 миллион реалга етади.
Бироқ «Сан-Паулу» академиясига яқин манбалар футболчининг шартнома узайтирилганидан кейин меҳнатсеварлиги, интизоми ва машғулотларга муносабати билан боғлиқ муаммолар бўлганини даъво қилган. Уларнинг айтишича, мураббийлар шу сабабли уни аста-секин жамоа режаларидан четлаштирган.