«Хоразм» клуби матбуот хизмати бразилиялик легионер Рафаэл Сабино билан суҳбатлашди.
— «Хоразм» сафидаги мавсумнинг биринчи ярмини қандай баҳолайсиз? Клуб ва Хоразм вилояти ҳақидаги илк таассуротларингиз қандай бўлди?
- Ўйлайманки, мен жамоага яхши мослашдим ва яхши ўйинлар ўтказдим. Аммо мен доимо янада яхшироқ ўйнаш ва жамоага кўпроқ фойда келтириш учун ҳаракат қиламан. Менимча, «Хоразм» жамоасининг ривожланиш салоҳияти жуда катта. Бунга мухлислар сони ва уларнинг жамоани майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам қўллаб-қувватлаши сабаб бўлмоқда. Айнан шу нарса мени энг кўп ҳайратда қолдирди. «Хоразм» жадал ривожланаётган ҳудуд. Оилам билан бу ерда бизни жуда илиқ кутиб олишди, ўғлим эса Хоразмдаги ўрта таълим мактабига мамнуният билан қатнаяпти.
— Жамоа мавсумнинг иккинчи ярмига Тошкент шаҳрида тайёргарлик кўрмоқда. Машғулотлар қандай ўтмоқда ва жамоа ичидаги муҳит қандай?
— Ҳа, биз янги босқич учун зарур бўлган махсус машғулотлар асосида жуда яхши тайёргарлик олиб боряпмиз. Жамоамиз жуда аҳил ва кучли таркибга эга. Шу сабабли машғулотлар давомида ҳам доимо ижобий ва кўтаринки муҳитни сақлаб қолишга эришяпмиз.
— Ўзбекистон Суперлигаси кутганингиздек бўлдими? Ўзбекистон ва Бразилия футболи ўртасидаги энг катта фарқлар нимада?
— Ҳа, Ўзбекистон Суперлигаси мени ижобий маънода ҳайратда қолдирди. Бу ҳар йили ривожланиб бораётган чемпионат. Мен ушбу лигада тўп сураётганимдан жуда хурсандман. Мусобақаларни таққослаш қийин, айниқса Бразилияни тарк этганимга анча вақт бўлганини ҳисобга олсак. Менимча, ҳар бир лига ўзига хос сифат, ўйин суръати ва техник савияга эга. Энг муҳими, бу ерда орттираётган тажрибамдан мамнунман ва ҳар куни янги тажрибаларни ўрганишда давом этяпман.
— «Хоразм» мухлислари ҳақида қандай фикрдасиз? Уларнинг қўллаб-қувватлаши сизга майдонда ва майдон ташқарисида қандай мотивация беради?
— «Хоразм» халқининг ўз клубига бўлган чексиз меҳр-муҳаббати мени жуда хурсанд қилди ва ҳайратга солди. Мухлисларимиз ҳақиқатдан ҳам бизнинг ўн иккинчи футболчимиз. Улар бизни уй учрашувларида ҳам, сафар ўйинларида ҳам қўллаб-қувватлаб, ҳар бир баҳсда куч бағишлайди. Уларнинг меҳри ва ишончи майдон ташқарисида ҳам бизга катта мотивация беради, чунки биз «Хоразм ПФК шарафини муносиб ҳимоя қилиш масъулиятини чуқур ҳис қиламиз.
— Мавсумнинг иккинчи ярми учун ўзингиз ва жамоа олдига қандай мақсадлар қўйгансиз? «Хоразм» мухлисларига қандай тилакларингиз бор?
—Менинг асосий мақсадим ҳар доим жамоадошларимга майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам имкон қадар кўпроқ ёрдам бериш бўлган. Ишонаманки, ҳар бир машғулот ва ўйинда бор кучимни бериб, «Хоразм»нинг мавсумдаги мақсадларига эришишига ўз ҳиссамни қўша оламан. Мухлисларимизга эса кўрсатаётган чексиз қўллаб-қувватлови ва меҳрибонлиги учун самимий миннатдорлик билдираман. Бизни қўллаб-қувватлашда давом этинг. Биз эса сизларга кўплаб қувончли лаҳзаларни туҳфа этиш учун бор кучимиз билан меҳнат қилишда давом этамиз.