Ўтган йили «Нефтчи» билан Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган бош мураббий Виталий Левченко жорий йил аввалида Тожикистонга қайтиб, собиқ клуби – «Истиқлол»ни бошқаришга киришди.
Мутахассис юртимиздаги фаолияти давомида ўзидан ёмон таассурот қолдирмади ва ўз олдига қўйилган вазифани бажариб натижа қайд этган ҳолда фарғоналикларни 24 йилдан сўнг чемпионликка етаклаб келди.
Tribuna.uz журналисти «Истиқлол» устози билан боғланиб кенг қамровли суҳбат уюштирди.
- Виталий Григорьвеич, Тожикистондаги фаолиятингизда бошқарувингиздаги «Истиқлол» чемпионатда мағлубиятсиз одимлаган ҳолда биринчи ўринда боряпти. Аммо таъқибчилар ҳам изма-из келишмоқда. Авваллари «Истиқлол» катта фарқ билан илгарилаб кетарди. Демак, чемпионат савияси анча ўсибди-да?!
- Ҳа, Тожикистонда 2026 йилги мавсум чиндан ҳам қизғин ва муросасиз курашлар остида ўтмоқда. Бироқ ижобий томони биз мағлубиятга учрамаган ҳолда биринчи ўринни банд этиб келяпмиз ва 25 очко жамғарган ҳолда «Ҳосилот» ва «РегарТадАЗ»дан бироз фарқ билан олдинда боряпмиз. Уларнинг ҳисобида 24 очкодан бор. Лекин, шак-шубҳасиз таъқибчилар билан ўртадаги фарқ анча қисқаргани рост. Кураш жуда зич кўринишда кетмоқда. Бу эса чемпионатнинг умумий савияси анча ўсганидан далолат беради. Авваллари «Истиқлол» яқин таъқибчиларини анча катта фарқ билан ортда қолдирган ҳолда етакчилик қиларди. Лекин охирги пайтларга келиб рақобат кучайди. Бир қанча клублар барқарорликни намойиш этишмоқда. Улар жисмоний, тактик жиҳатдан анча кучайишган. Ўз навбатида мусобақа жадвалида ҳам зичлик юзага келган. Олдинлари бундай ҳолатни кўриш мумкин эмасди. Бундай ўсиш ўз навбатида жамоаларнинг натижаларида аксини топмоқда. Илгари аксар клублар медаллар учун курашга қўшилиша олмасди. Энди эса жамоамизга мунтазам равишда босим ўтказиб келишяпти. Бунда эса албатта рақиблар жамоаларида мураббийлар штабида яхши малакали мутахассислар ишлаётганидан далолат бермоқда. Чемпионат анча рақобатбардош тус олган. Бу эса мухлислар учун ҳам жуда қизиқарли. Улар мана шундай курашни кузатишни ёқтиришади. Ўз ўрнида биз мураббийлар штабидагилар асло бўшашмаслигимиз керак. Ҳар бир учрашувга максимал даражада жиддий ҳозирлик кўришимиз даркор. Маҳаллий футболнинг ўсаётгани юқорида сиз айтиб ўтгандек рақобат кучайгани билан боғлиқ.
- Собиқ клубингиз – «Нефтчи»ни кузатиб боряпсизми? Ҳозир улар Суперлигада пешқадамлик қилишмоқда. Бу ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Ҳа, албатта, собиқ клубим – «Нефтчи»ни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқдаман. Бу жамоа бой тарих ва ўзига хос анъаналарга эга. Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон чемпионатида етакчи клублардан бири ҳисобланиб келган. 2025 йили «Нефтчи» яна Суперлига чемпионига айланди. Бу воқеа охирги 24 йил ичида биринчи бор кузатилди. Жамоа 64 очко жамғарди ва яқин таъқибчиларни катта фарқ билан ортда қолдириб муддатидан олдин чемпион бўлди. «Нефтчи» 2026 йилги мавсумни ҳам жуда кучли бошлади. Улар ишонч билан ўйнашмоқда ва юқори ўринда боришяпти. Доимий равишда очко жамғаришяпти. Суперлигада чемпионлик учун асосий даъвогар сифатида ўзини кўрсатишмоқда. Мен буни ҳурмат қиламан ва албатта уларга муваффақият тилайман. Бу менинг ўтмишдаги ишларим, хотираларим ва профессионал муносабатларим билан чуқур боғланган клуб. Шу билан бирга мен ҳозирда бор эътиборимни «Истиқлол» билан зиммамдаги вазифани бажаришга тўлиқ қаратганман. Ўз олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларимиз бор. Албатта, ўзим бир пайтлар ишлаган жамоанинг етакчилар қаторида қолаётгани ва юқори савияда футбол намойиш қилаётганини кўриш қувонарлидир.
- Сизга Тожикистон терма жамоасини бошқариш таклифи бўлганди. Бироқ «Истиқлол»ни танладингиз. Бу нима билан боғлиқ?
- Ҳа, гапингиз рост, шундай таклиф бўлган. Ўз навбатида шак-шубҳасиз бу мен учун катта шараф. Чунки миллий жамоани бошқариш таклифи ҳар қандай мураббийга ҳам юборилавермайди. Бу эса мамлакатда олиб бораётган ишимга атрофдагиларнинг ишонч билан боқаётганидан далолат беради. Лекин ўша пайтда мен «Истиқлол»да қолишни маъқул кўрдим. Бу ақл билан қабул қилинган қарордир.
Биринчидан, менда аниқ ва узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳа бор. Клуб анча шаклланган. Машғулот жараёни ҳам тартибли. Стратегик вазифалар аниқ. Ички ва халқаро турнирлар учун бундай режалар тўғри ишлаб чиқилган. Ўзим бошлаган ишни ярим йўлда чала ташлаб кетишга кўникмаганман.
Иккинчидан, клуб билан миллий жамоада иш олиб бориш бир-биридан фарқ қилади. Клубда сен ҳар ҳафта, ҳар куни ўйинчиларнинг ўсишига ўз таъсирингни кўрсатишинг, ғояларингни уқтиришинг, тактик ва жисмоний тайёргарлик устида мунтазам ишлай олишинг мумкин. Менга мана шундай тизимли, кундалик иш жараёни ёқади. Бундан ташқари, «Истиқлол» тожик футболининг байроқдор клуби ҳисобланади. Жамоада олиб борилаётган муваффақиятли меҳнат самараси ўлароқ халқаро турнирлар учун аксар футболчилар «Истиқлол»дан олинади. Мен бу гап билан миллий жамоани назарда тутяпман. Шунингдек, клубнинг ўзи ҳам ички ва халқаро мусобақаларда анча яхши қатнашиб келади. Бошқача айтганда, «Истиқлол» миллий жамоанинг ўзагини ташкил этадиган клубдир. Ҳа, Тожикистон миллий жамоасига катта ҳурмат билан қарайман ва бир кун келиб уни бошқариш таклифи бўлса кўриб чиқишга тайёрман. Бироқ юқорида айтганимдек, «Истиқлол» учун ўйлаб қўйилган лойиҳа ва клуб олдидаги масъулият ҳозирча бу ҳақида фикр юритишимга тўсқинлик қилади, холос. Аввало жамоадаги ишни охирига етказишим керак.
- Ўзбекистон миллий жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштирокидан нимани кутгандингиз? Унинг гуруҳ босқичидаги ўтказган ўйинлари ҳақида нима дея оласиз?
- Чемпионатга старт берилишидан олдин кўпчилик Ўзбекистоннинг мусобақада қатнашиши бутун Марказий Осиё учун катта воқеаликка айланишини кутганди. Бу ўзбек миллий жамоасининг мундиалга илк бор чиқиши – тарихий воқеа. Маҳаллий футболнинг минтақадаги ривожланишини ўзига хос кўрсаткичи. Кўплаб экспертлар ва ишқибозлар миллий жамоани гуруҳдан плей-офф босқичига чиқиш имконияти унчалик юқори эмаслиги ҳақида гапиришганди. Чунки гуруҳда кучли рақиблар жой олганди. Биласизми, бундай юқори савиядаги мусобақада иштирок этиш борасида тажриба йўқлиги миллий жамоага панд бериб қўйди. Аммо энг асосийси, миллий жамоа катта тажрибага эга бўлди ва бу кейинги мусобақаларда асқотмасдан қолмайди. Гуруҳ босқичида жамоа кучли чақириқларга дуч келди. Илк учрашувда Колумбияга 1:3 ҳисобида имконият бой берилди. Бироқ шунинг баробарида миллий жамоа жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор дастлабки голини киритди.
Навбатдаги – Португалияга қарши учрашувда жиддий муаммоларни ҳис қилган ҳолда футболчилар тўп тепишди ва шунга мос равишда 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйдилар. Ўз ўрнида бу Европадаги етакчи миллий жамоа ва Осиёдаги жамоа ўртасида катта фарқ борлигини тасдиқлади. Ўзбекистон гуруҳнинг охирги учрашувида ҳам Конгога 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Охир-оқибат турнирдаги иштирокини плей-оффга чиқмасдан якунлашга мажбур бўлди. Айнан шундай мусобақалар жаҳон миқёсида мўлжал жуда юқори олинганидан далолат беради. Бундаги иштирок эса миллий жамоага фақат фойда келтиради, холос. Жаҳон чемпионатидаги дебют – бу олдинга ташланган катта қадамдир. Бундай қадам мамлакатда футболнинг ривожланишига янада туртки беради. Юқорида илова қилиб ўтганимдек, бир қанча экспертлар Ўзбекистоннинг гуруҳдан чиқиш имкониятини унчалик баланд баҳоламагандилар. Бундай жиддий рақибларга қарши курашишнинг ўзи бўлмайди. Муҳими, ижобий тажриба олинди. Умумий маънода айтадиган бўлсам, аввало, жаҳон аренасида иштирокка кўникма ҳосил қилиб, мунтазам равишда ЖЧга йўл олишни йўлга қўйиш керак. Мана шунда характер намоён бўлади ва ўз навбатида натижалар ҳам бора-бора яхши кўриниш ҳосил қилади. Бир сўз билан айтганда, жаҳон чемпионатидаги иштирок ўзбек футболининг кейинги ривожи учун катта фойда келтирмасдан қолмайди.
- Ўзбекистон чемпионатидан яна таклиф олсангиз қайтишга рози бўлармидингиз?
- Футбол шундай касбки, эртага нима бўлишини ўзинг ҳам билмайсан. Ўзбекистон Суперлигаси кучли ва шу билан бирга ривожланиб бораётган чемпионатдир. Мен уни анча яхши биламан ва ҳурмат қиламан. Ўзбек футболи билан анча йиллар боғлиқлик жойим бор. Гарчи ҳозир у ерда ишламаётган бўлсам ҳам Суперлигадаги ҳолатни, клубларнинг тобора ўсиб бораётганини кузатишда давом этяпман. Агар очиғини айтадиган бўлсам, бутун диққат-эътиборимни «Истиқлол»даги ишимга қаратганман. Бизда муайян мақсадлар, клуб раҳбарияти, ўйинчилар ва мухлислар олдида ўзига яраша масъулиятли вазифаларимиз бор. Бу вазифаларни бажариш биз учун асосий мақсаддир. Бошлаб қўйилган лойиҳани мантиқий ниҳоясига етказиш энг тўғри йўл бўларди. Шу билан бирга қаршимдаги эшиклардан бирортасини ҳеч қачон ёпишга одатланмаганман. Агар келажакда Ўзбекистон чемпионатидаги клублардан бири жиддий таклиф юборса буни бемалол ўрганиб чиқишим ва керак бўлса бориб янги лойиҳа устида иш бошлашим мумкин. Мураббий учун фақат ишлайдиган мамлакати эмас, у ердаги лиганинг савияси ҳам ўзига яраша аҳамият касб этади. Ўзбекистонда эса енг шимариб ишлаш учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Шунинг учун ҳам бу саволингизга жавобим шундай: ҳа, қайтишимни истисно қила олмайман. Лекин бу қайтиш қачон ва қандай ҳолатда юз беради, олдиндан бир нарса дейишим қийин.
- Ўзбек футболчиларидан қайси бирини «Истиқлол»да кўришни хоҳлаган бўлардингиз?
- Умумий маънода айтадиган бўлсам, ҳозир Ўзбекистонда жуда ҳам яхши авлод вакиллари шаклланган. Ўзбек футболи ривожланиб боряпти. Кузатишларимдан келиб чиқиб айта оламанки, кўплаб ўйинчилар тактик, жисмоний ва ақлий жиҳатдан кучайиб кетганлар. Одатда, шу каби саволларга жавоб беришда алоҳида ўйинчиларни ажратиб ўтирмайман. Балки умумий маънода фикр билдиришни афзал кўраман. «Истиқлол»га фақат номи чиққан футболчилар керак эмас. Биз клуб фалсафаси, ўйини ва талабларига жавоб бера оладими ё йўқми, шундай хусусиятларни ўрганиб, сўнг бир қарорга келамиз. Хуллас, саволингизга жавобан исм-шарифларни бирма-бир санаб чиқмоқчи эмасмн. Асосийси, футболчи «Истиқлол»нинг талабларига жавоб берсин. Шунда ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади.
- Жаҳон чемпионатида кутилмаган натижалар юз бериб турибди. Қайси терма жамоа финалга чиқиши мумкин?
- Футбол бу доим олдиндан нима бўлишини билмайдиган ўйин туридир. Айниқса, жаҳон чемпионатидек нуфузли мусобақада қайд этилаётган натижалар ҳар қандай одамни шошириб қўйиши мумкин. Йирик турнирларда ҳар доим фаворитлар, шу билан бирга кутилмаган сюрпризларни тақдим этиши мумкин бўлган жамоалар бўлган. Мана, «ЖЧ-2026»да ҳам гуруҳ босқичида қатор кутилмаган натижалар бўлиб, кучли терма жамоалар плей-оффсиз қолиб кетишди. Агар вазиятга объектив назар ташланадиган бўлса, таҳлилчилар ва экспертларнинг ҳар хил таҳлиллари ва математик моделлар ёрдамида ўрганишлари натижаларда ўз исботини топаётгани йўқ. Финалда исталган терма жамоа иштирок этиши мумкин. Менимча, Франция билан Аргентина бутун мусобақанинг асосий фаворитлари ҳисобланишади. Бу жамоалар бошқалардан бир калла баландлиги билан ажралиб турибди. Шунингдек, Испания, Англия ва Бразилиянинг узоққа етиб бориши мумкинлиги ҳақида тахминлар янграмоқда. Уларнинг нафақат финалга чиқиши, балки ғалаба қозониши мумкинлиги эҳтимоли юқори баҳоланмоқда. Мусобақа маромидан келиб чиққан ҳолда исталган вазиятда кутилмаган натижалар қайд этилиши мумкинлигини ёддан чиқармаслик зарур. Шахсан мен замонавий футболда ҳар томонлама кучли шаклланган терма жамоа воқеалар ривожи улар учун ишлагандагина финалга етиб бориши мумкинлигини тахмин қила оламан. Футболда турли башорат ва тахминлардан ташқари кутилмаган сюрпризлар учун доим жой қолган. Жорий жаҳон чемпионатида ҳам бундан мустасно бўлмаяпти. Имконияти юқори баҳоланган жамоалар кутилмаганда аутсайдер мақомидаги рақибларга ютқазиб қўйишмоқда. Шу сабаб финалда айтайлик, Франция ёки Аргентинани кўриш билан боғлиқ сценарийни инкор этмаган бўлардим. Биласизми, қайси жамоа ўйинларга, ташқи босимга чидамлик ва тайёр бўлсагина ўша жамоа ғалаба қозониши мумкин.