Бугун
23
Ўзбек

Осиё ўйинлари. Ўзбекистонлик беш боксчидан тўрт нафари яримфиналга чиқди

Бокс
28 сентябр, 06:45
    22
Ўзбекистон вакиллари чоракфинал баҳсларида тўртта ғалабага эришди, Азиза Зокирова эса жаҳон чемпионига ютқазди.
Осиё ўйинлари. Ўзбекистонлик беш боксчидан тўрт нафари яримфиналга чиқди
Foto: Olypmicuz

Осиё ўйинларининг бокс баҳсларида Ўзбекистон вакиллари муваффақиятли иштирок этмоқда. Чоракфинал баҳсларида Ситора Турдибекова, Тўрабек Хабибуллаев, Шавкатжон Болтаев ва Феруза Казакова ғалаба қозониб, яримфинал йўлланмасини қўлга киритди.

60 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Ситора Турдибекова мўғулистонлик Намуун Монхорга қарши баҳс олиб борди. Қизиқарли кечган қарама-қаршиликда ўзбекистонлик боксчи 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Турдибекова яримфиналда Олимпиада чемпиони, Хитой Тайпейи вакили Лин Ю Тингга қарши жанг қилади.

-90 кг вазн тоифасида жаҳон чемпиони Тўрабек Хабибуллаев қозоғистонлик Нурбек Оралбай билан куч синашди. Марказий Осиё дербисида Хабибуллаев 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, яримфиналга йўл олди.

-70 кг вазн тоифасида Шавкатжон Болтаев хитойлик Ли Гуофенга қарши баҳс олиб борди. Бутун жанг давомида фаолроқ ҳаракат қилган Болтаев ҳакамлар қарорига кўра 5:0 ҳисобида зафар қучди. У яримфиналда қозоғистонлик Тўрехан Сабирхонга қарши рингга кўтарилади.

-51 кг вазн тоифасида Феруза Казакова шимолий кореялик Ан Кум Бёл билан баҳслашди. Муросасиз кечган жангда Казакова 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, яримфиналга чиқди. Унинг навбатдаги рақиби амалдаги Олимпиада чемпиони, хитойлик Ю Ву бўлади.

-75 кг вазн тоифасида эса Азиза Зокирова қозоғистонлик жаҳон чемпиони ва Осиё ўйинлари вице-чемпиони Наталя Богдановага қарши баҳс олиб борди. Қизғин кечган жангда Зокирова 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақадаги юришини чоракфинал босқичида якунлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг тўрт нафар вакили Осиё ўйинларининг яримфинал босқичида рингга кўтарилади.

Маълумот учун, яримфинал баҳсларида Ситора Турдибекова, Тўрабек Хабибуллаев, Шавкатжон Болтаев ва Феруза Казакова иштирок этади.

Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

22 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар