24 декабр куни Осиё чемпионлар лигаси 2 турнирида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган «Андижон» жамоаси гуруҳ босқичидаги сўнгги ва ҳал қилувчи ўйинини ўтказади. Ушбу баҳсда Самвел Бабаян бошчилигидаги жамоага Қатарнинг «Ал Аҳли» клуби рақиблик қилади.
Мазкур ўйинда «бургутлар»ни фақат ғалаба қаноатлантиради. Агар жамоа мағлубиятга учраса ёки дуранг ўйнаса, мусобақа билан хайрлашади.
«Андижон» ва «Ал Аҳли» клубларининг гуруҳ босқичи доирасидаги дастлабки ўйини шу йилнинг 1 октябр санасида Андижон шаҳридаги «Бобур арена» стадионида бўлиб ўтган ва унда 0:0 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилган эди.
Ўйин Доҳа шаҳрида жойлашган «Ал Тумама» стадионида бўлиб ўтади. Ушбу стадион 2022 йилги Жаҳон чемпионатининг 8 та учрашувига мезбонлик қилган. Арена ўз бағрига 44 мингдан зиёд сиғдира олади.
Учрашувни ироқлик ҳакам Заид Тамер Муҳаммад бошқариб боради. Унга қанотларда ҳамюртлари Ҳайдар Абдулҳассан Али Улбайди, Амир Довуд Ҳуссейн Алвиндави ёрдам беради.
Маълумот учун, бугунги ҳал қилувчи ўйин Тошкент вақти билан 21:00 да старт олади.