Ўзбекистон футзал федерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида федерация раҳбарияти таркиби янгиланди. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев Ўзбекистон футзал федерацияси вице-президенти этиб тайинланди.
Ўзбекистон футзал федерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2026/2027 йилги футзал мавсумига тайёргарлик ишлари, миллий чемпионатни янада ривожлантириш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичлари муҳокама қилинди.
Йиғилишда мамлакат миллий чемпионати рақобатбардошлигини ошириш, ҳакамлик тизимини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, телетрансляциялар сони ва сифатини кўпайтириш, клубларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маркетинг ва коммерция йўналишларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 2026/2027 йилги мавсумдан эътиборан Олий лигада иштирок этувчи барча клублар мустақил юридик шахс сифатида қайта ташкил этилди. Улар масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шаклида давлат рўйхатидан ўтказилиб, мустақил молиявий-хўжалик фаолиятини юритиш ҳамда замонавий корпоратив бошқарув тизими асосида ишлашга ўтди. Ушбу янгилик мамлакат футзалида профессионал клублар тизимини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Шунингдек, йиғилишда янги мавсум тақвими ҳам тасдиқланди. Унга кўра, 2026/2027 йилги футзал мавсуми 2 сентябрь куни Ўзбекистон Суперкубоги баҳси билан очилади. Миллий чемпионатнинг биринчи тур учрашувлари эса 3 сентябрдан старт олади.
Йиғилишнинг энг муҳим қарорларидан бири федерация раҳбарияти таркибига оид бўлди. Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев Ўзбекистон футзал федерацияси вице-президенти этиб тайинланди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Мендес ҳамда «Максам-Чирчиқ» футзал клуби бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов Ўзбекистон футзал федерацияси Ижроия қўмитаси аъзолари этиб сайланди.
Йиғилиш якунида янги мавсумни юқори савияда ташкил этиш, миллий чемпионат нуфузини янада ошириш ва ўзбек футзалининг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини кучайтиришга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди. Масъулларга белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Меҳриддин Абдуллаев Ўзбекистон футзал федерацияси вице-президенти этиб тайинланди
Футбол
9 июл, 15:30
Ўзбекистон ФФ Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида федерация раҳбарияти таркиби янгиланди.
Foto: UFF