Бугун
16
Ўзбек

Марлен Чобанов клубини ўзгартирди? Темировчи?

Футбол
4 июл, 06:03
Ҳар ики футболчи «Эрбил»да тўп тепди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Марлен Чобанов клубини ўзгартирди? Темировчи?
Фото: Getty Images

Ироқ чемпионатида фаолият олиб бораётган легионерларимиздан бири Марлан Чобанов якунига етган мавсумда «Эрбил» жамоаси шарафини ҳимоя қилганидан хабарингиз бўлса керак.

Албатта, у ерда ҳужумчимиз Шерзод Темиров ўзининг тўпурарлик салоҳиятини намойиш қилган ҳолда барчанинг эътирофига сазовор бўлди. Шу билан бирга унинг жамоадоши – Чобанов ҳам «Эрбил»да ўзидан жуда яхши таассурот қолдиришга эришди.

Марлен Ироқ юлдузлар лигасида 25 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 4 та гол урди ва 4 бор сариқ карточка олди. Умумий ҳисобда у майдонда 2060 дақиқани ўтказди.

Эътиборлиси шундаки, Чобанов бунга қадар фаолиятида фақат 3 марта тўп киритган. 2022 йили «Турон» сафида Ўзбекистон Кубоги ва про лига баҳсида биттадан гол урган бўлса, ўтган йили Тожикистоннинг «Истиқлол» таркибида бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилган. Ироққа келгунига қадар ҳимоячи ҳисобида 3 та гол бўлган. Араб чемпионати Марленга шу қадар ёққан шекилли, бир мавсумни ўзида ҳимоячи бўлишига қарамай, 4 марта тўп киритишга муваффақ бўлди.

Легионеримиз у ерда Темиров сингари олқишларга сазовор бўлди, мақтовлар эшитди. Натижада унга қизиқиш билан қараган клублар пайдо бўлди. Ироқ юлдузлар лигасида якунига етган мавсумда Чобанов ўз жамоаси билан 3-ўринни банд этди. Ироқ чемпионатида мавсумни 4-поғонада якунлаган «Ал-Завра» эса ўз мудофаа чизиғини Марлен ёрдамида янада кучайтирмоқчи бўлди ва бунинг учун футболчимизга аниқ таклиф билан чиқди. Натижада олиб борилган музокаралар ижобий якун топди.

transfermarkt.world порталида Марлен Чобанов «Ал-Завра» футболчиси сифатида кўрсатилмоқда. Унда ёзилишича шартнома 2026 йилнинг 1 июль куни имзоланган, яъни, икки кун муқаддам. Унинг муддати эса 2027 йилнинг 30 июнь куни деб кўрсатилган.

«Эрбил»даги яна бир легионеримиз – Шерзод Темиров шу йилнинг 1 июлидан бошлаб эркин агент мақомига эга. Яқинда мирслик журналист Tribuna.uz нашрига берган интервюсида Шерзод Темировга Мисрнинг «Ал Аҳли» клуби қизиқаётгани ҳақида айтганди.

Чемпионатда 28 та, Кубокда 1 та гол урган ва яққол тўпурарликка эришган легионеримиз олдида кўплаб вариантлар бор. Шуниси аниқки, у «Эрбил» билан хайрлашди. Кейинги манзилини эса тез орада билиб оламиз.

Бугунги янгиликлар