Ироқ чемпионатида Шерзод Темиров билан бир жамоада тўп тепиб ўзини кўрсатишга муваффақ бўлган яна бир ҳамюртимиз – Марлен Чобанов ҳам у ерда эътибор қозонди.
Ҳимоячи бўлишига қарамай, нафақат ўз мудофаасида фаол ўйнади, балки рақиб дарвозаси олдида ҳам у хавфли ўйинчилигини кўрсатди ва бир нечта голларга ҳам муаллифлик қилди.
Эндиликда Чобанов клубини ўзгартирди ва янги мавсумда «Ал Завра» шарафини ҳимоя қилади. Бу ҳақида биринчи бўлиб Tribuna.uz эълон қилди ва энди биринчи бўлиб, Чобановнинг янги клубига ўтганидан кейинги интервюсини ҳам тақдим қилади.
- Марлен, яқинда «Ал Завра»га ўтдингиз. «Эрбил»да ҳам фаолиятингиз яхши кетаётганди. Нега бундай қарорга келдингиз?
- Бундай қарорга келишимга «Ал Завра»нинг катта клуб эканлиги ва ўз олдига юқори мақсадларни қўйиши сабаб бўлди.
- Ироқ чемпионатидаги фаолиятингиз ўзингиз кутганингиздан ҳам кўра яхши кетяптими?
- Ҳа, гапингиз рост. «Эрбил»да мавсумни яхши ўтказдик ва бронза медалини ютдик!
- Янги жамоада нечанчи рақамни танладингиз?
- Янги жамоада 44-рақамни танладим.
- Марлен, бунгача сиз фаолиятингиз давомида ҳимояда ўйнаб 3 та гол урганингизни биламиз. Ироқ чемпионатида эса ҳимояда ўйнаб туриб, бир мавсумда 4 голга муаллифлик қилдингиз. У ерда голлар киритиш осонми?
- Осон, демаган бўлардим. Гап шундаки, ўз жамоамга ёрдам бериш учун етарлича вақтга эга бўлдим!
- Сизда бошқа таклифлар ҳам бормиди?
- Таклифлар асосан Ироқнинг ўзидан ва Яқин Шарқдан бўлди.
- Ироқ чемпионатида сизга кўпроқ нима ёқади?
- Ҳаммасидан кўра кучли футбол ва жамоалар сонининг кўплиги ёқади.
- Нима деб ўйлайсиз, Чобанов Ироқ чемпионатида кашфиётга айландими?
- (Кулади) Тўғриси, билмадим... Бу ҳақда маҳаллий ишқибозлар ва мутахассислардан сўраган маъқулроқ.
- 2024 ва 2025 йилларда мавсум ўрталаригача бирортаям расмий ўйинларда иштирок этганингиз йўқ. Аммо кейинчалик яна таклиф олдингиз. Ўзингизни қандай руҳлантирдингиз?
- Ҳа, ҳар бир спортчининг ҳаётида машаққатли пайтлар ҳам бўлиб туради. Мен ҳам бундан мустасно эмасман. Менда кетма-кет жароҳатлар бўлди ва яна бир қанча муаммолар юзага келди. Оғир шароитда яна аввалги ҳолатга қайтиш истаги бизни кучлироқ қилади!
- Ироққа қадар Тожикистонда ўйнагансиз. Лекин «Истиқлол»даги фаолиятингиз нима учундир узоқ давом этмаган, нега?
- «Истиқлол» билан тузган шартномам муддати ярим йилга эди, холос. Бу қисқа даврда Чемпионлар лигасида яхши ўйнадик ва мамлакат чемпионатини ютишга эришдик!
- Ироқ чемпионатида олдингизга қўйган режалар ва мақсадингиз?
- Бу мавсумда олдимизга жуда юқори мақсадлар қўйилган. Ўз навбатида ҳар бир ўйинни ютишга ҳаракат қиламиз ва бундан нима чиқишини вақт кўрсатади.
- Маҳаллий ишқибозлар сизга қандай муносабатда бўлишмоқда?
- Ишқибозлар жамоани зўр қўллашяпти ва бизни қанчалар ёқтиришларини намойиш этмоқдалар!
Марлен Чобанов: «Ироқ чемпионати кучли ва жамоалар сони кўплиги сабаб шу ерда қолишга қарор қилдим»
Эксклюзив
18 июл, 06:55
Янги жамоага ўтган Чобанов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатлашди.
Фото: Erbil FC
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади