«Бавария» ҳужумчиси Ҳарри Кейн 2026 йилги «Олтин тўп» мукофотини қўлида ушлаган ҳолда жамоа мухлисларига махсус видеомурожаат йўллади.
«Салом, «Бавария» мухлислари! Мен Ҳарри Кейнман. Кўриб турганингиздек, қўлимда 2026 йилги «Олтин тўп» бор.
Мен сизларнинг ҳар бирингизга беқиёс қўллаб-қувватловингиз учун катта раҳмат айтмоқчиман. Бу нафақат шахсий учрашувларимизда ёки ижтимоий тармоқларда, балки, энг аввало, стадион трибуналаридаги қўллаб-қувватлашингизда намоён бўлади. Бу ҳақиқатан ҳам бизнинг умумий совринимиз!
Сизларнинг қўшиқларингизсиз, стадиондаги иштирокингизсиз ва ҳар бир ўйинда бизга бағишлайдиган кучли энергиянгизсиз бу муваффақиятга эришиш мутлақо имконсиз бўлар эди.
Ҳа, совринни қўлимда мен ушлаб турибман, аммо бу ғалаба бутун «Бавария»нинг, барча мухлисларимизнинг, жамоадошларимнинг, мураббийлар штаби ва клубнинг ҳар бир ходимининг хизматидир.
Ушбу зафарни стадионда сизлар билан биргаликда нишонлашни интиқлик билан кутяпман. Бу кубокни сизларга кўрсатиш мен учун жуда ёқимли бўлади. Бу улкан ютуқ ва «Олтин тўп»нинг Мюнхенда эканидан барчамиз ҳақиқатан ҳам фахрланишимиз керак.
Яна бир бор барчангизга катта раҳмат! Яқин орада яна сизларнинг олдингизда майдонга тушишни сабрсизлик билан кутяпман!» — деди Кейн клуб матбуот хизмати томонидан X ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеомурожаатида.