Амалдаги чемпион – «Нефтчи» Тошкентда «Локомотив»га қарши ўтган қийин учрашувда 1:0 ҳисобида жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. Учрашувдан кейин фарғоналиклар устози Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Осон ўйин бўлмаслиги олдиндан аниқ эди. Сабаби, «Локомотив» чемпионатда сифатли ва ишончли ўйнаяпти. Барча етакчи жамоаларга муносиб қаршилик кўрсатган. Охирги ўйинларида таҳлил қилганимизда Наманганда очко олди, уйида «Динамо»ни мағлуб этди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда бу учрашувга бор кучимиз билан, худди финалга қарагандек қарашга мажбур бўлдик. Боиси, сафарда ўтказишимиз керак бўлган энг қийин учрашувлардан бири эди. Футболчиларга раҳмат, кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди. Ўйлайманки, ишончли ғалаба қозондик. Узоқ йўл босиб келиб, бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Ажойиб ғалаба билан бутун фарғоналикларни табриклайман.
- 30-дақиқадан кейин катта ташаббус «Нефтчи» томонида эди. Кейин майдонга захирадан уч нафар футболчи тушди. Шундан сўнг «Локомотив» қўшди ва имкониятлар яратди. Муаммо нимада эди?
- Бунақа учрашувларда аслида захирадан қўшилиб кетиш ҳам қийин. Захира – бу 50х50 лотерея. Сиз чиқараётган футболчи жамоага ғалаба келтиради ёки жамоа ўйинига таъсир ўтказади. Мақсадимиз ўйинни кучайтириш, ҳужум чизиғида уч нафар футболчимизда чарчоқ аломатлари бор эди. Умуман, зич тақвим, учта фронтда кураш олиб боряпмиз. ОЧЛ Элитдаги ўйин ҳам жуда катта куч олди. Шу боис учрашув давомида ҳам эртароқ алмаштиришларга мажбур бўляпмизки, уларнинг ҳолатидан келиб чиқиб. 30-дақиқагача иккала жамоада ҳам имкониятлар бўлди. Лекин биз биринчи бўлимда кўплаб вазиятларга эга бўлдик. Ўйин охирида захирадан кейин ўйинни ўзгариб кетишига сабаб, бу руҳият билан ҳам боғлиқ. Жамоа ҳисобни сақлаб қолиш учун ўйнашга ўтди. Аммо биз ҳеч қачон бунақа кўрсатма бермаймиз. Доимий равишда ҳисоб қанақа бўлишидан қатъий назар прессинг қилиш ва ҳужумлар уюштириш бўйича кўрсатмалар берамиз. Бунақа учрашувларда руҳият биринчи ўринга чиқади. «Локомотив» 65-дақиқадан бошлаб ёшларни туширди. Қанотларини янгилаганидан кейин уларни ҳужумлари ҳам ўткирлашишни бошлади. Балки жамоа пастроқда ўйнашни лозим топди. Аммо мураббий сифатида бунчалик чуқур ҳимояда ўйнашни ҳеч қачон ўргатмайман ёки кўрсатма бермайман. Ўйиндаги юқори босимдан келиб чиқиб балки жамоа шунақа ҳаракатланган бўлиши мумкин. Лекин мавсумни охири, ҳар бир очкони қадри баланд. Ҳар бир хато қимматга тушиши мумкин. Бунақа вазиятларда мавсум бошида эркинроқ ўйнашимиз мумкин эди. Аммо мавсум якунланаётгани ва чемпионликка яқинлашиб бораётганимиз сари босим ошиб боряпти. Бир хил ҳолатларда жамоа позицион ҳимояланишга ҳам мажбур бўляпти.
- Абдуғаниев миллий жамоага чақирилди. Ўйинни стадиондан Фабио Каннаваро ҳам кузатиб борди. Футболчи эса бир-икки қўпол хатоларга йўл қўйди. Бу рухий босим билан боғлиқми?
- Суперлигани кузатаётган бўлсангиз, юқори ўринлардаги жамоаларни ҳеч бирида 18 ёшли бола ўйнаётгани йўқ. Масалан, кучли учталикда оладиган бўлсак, кимда бор? Биздан кейин «Пахтакор» ва «Навбаҳор» турибди. Шу жамоаларда менимча майдонга тушаётган 18 ёшли футболчи йўқ. Босим йўқ жойда исталган ўйинчи ўйнаши мумкин. Лекин ёш ва шунақа босим бўлишига қарамасдан ўйнашга ҳаракат қиляпти ва хато бўлиши табиий ҳолат. Чунки бугунги учрашувни қадри баланд эди. Катта босим остида эди. Қолаверса, миллий жамоадан таклиф олди. Ҳали ёш, уни руҳиятига таъсир қилади. Албатта, миллий жамоани бош мураббийи тўғридан-тўғри ўйинни стадионда кузатганидан кейин футболчидаги ҳаяжон икки баробар кучайиб кетди. Нурмуҳаммад Абдуғаниевни энг кучли томонларидан бири ҳаяжонланмаслик эди. Аммо бугун ҳатто унда ҳам шу нарса кузатилди. Буни ўйин ҳарорати ва босим юқорилигидан деб биламан.
- Йил бошида шунақа таркиб йиғилганида «Нефтчи» шубҳасиз чемпион бўлади дейилганди. Аммо кўриб турибмиз, ҳеч қайси жамоа дарвозасини шунчаки очиб бермаяпти. Мавсум сиз кутгандек ўтяптими ёки сиз кутганингиздан оғир ўтяптими?
- Бу фикрни ким айтган билмайман, бунга қўшилмаган бўлардим. Тўғри, такрибимиз кучли. Аммо «Пахтакор»ни таркиби биздан кам эмас. Миллий жамоага «Пахтакор»дан қанча футболчи чақиряпти? 6 нафар! «Навбаҳор»дан 4 нафар. «Нефтчи»дан эса бир нафар футболчи чақиряпти. Бу эса қолган клубларни таркиби ҳам кучсиз дегани эмас. Бу йил чемпионатда мени ҳайрон қолдираётган жамоалар – «Локомотив» билан «Сурхон». Сабаби, «Локомотив» қайтадан йиғилди, кўплаб футболчиларни таклиф қилди. «Сурхон» ёшлар билан ажойиб футбол намойиш этяпти. «Нефтчи» осон чемпион бўлади, деган гапга қўшилмайман. Таркибимизда 6-7 талаб ўйинчилар жароҳат олишди. Мавсум давомида ҳали ҳеч қайси жамоа бунақа кўп йўқотишга учрагани йўқ. «Пахтакор»ни бирорта ўйинчиси жароҳат сабаб 2-3 та ўйинни ўтказиб юборганини кўрганим йўқ. «Навбаҳор» барқарор кетяпти, барча ўйинчиси соғ-саломат. Бизда жароҳатлар умуман кўпайиб кетди. Энди иккитаси тузалган пайтда учтаси жароҳатга кетяпти. Бугунги учрашувда йўқотишлар туфайли Йовович, Цигер, Йўлдошев каби футболчиларимиз ўйнагани йўқ. Иккинчи давра бошландики, ҳеч қайси учрашувда битта таркиб билан ўйнаб, кейингисига ҳам ўша таркиб билан ўйнашни имкони бўлмаяпти. Ҳар ўйин ўзгариш қилишга мажбур бўляпмиз. Ўзбекистон чемпионати доим қийин ўтган. Легионерлар келишади ва улар ҳам чемпионатимизга юқори баҳо беришади. Масалан, Коффидан яқинда сўраганимизда Ўзбекистон чемпионати бунчалик қийинлигини кутмагандим, деди. Барча юлдузларни йиғиб олганимизда ҳам бу футбол. Мана, «Пахтакор» қиммат таркибга эга ва икки карра ОЧЛ чемпионаги қарши сафарда дуранг ўйнаяпти. Ироқни «Эйр Форс» клубига «Нефтчи» Фарғонада 4-5 талаб гол уради, рақиби қийин ҳолатда дейишди. Аммо бу ерга келиб умуман бошқа футбол кўрсатишди. Шу боис ҳеч қайси ўйин осон бўлмайди. Ҳатто, иккинчи лига жамоасига қарши ўйнасак у ҳам бизга жиддий қаршилик кўрсатиши мумкин. Ўйлаганимдек чемпионатда ҳамма учрашувлар қийин ўтяпти.
- Кубокда ҳам «Нефтчи» «Локомотив» билан ўйнайди. Бугунги ўйиндан келиб чиқиб, Кубокдаги бўлажак учрашувни тўлиқ 50х50 ўйин деса бўладими?
- Ҳамма футболчиларимиз соғ бўлиб туришса яққол фаворитмиз. Бугунги ўйинда захирамизда 2007-2008 йилларда туғилган ёшлар ўтирибди. Кубокка келадиган бўлсак, ҳар бир ўйинда ютиш учун ҳаракат қиламиз. Жамоа уччала фронтда муваффақиятли иштирок этмоқчи. Кубокда ҳам ғолиб бўлиш учун ҳаракат қиламиз. Чунки жамоа бунда узоқ йиллардан бери муваффақият қозонмаган. Шу билан бирга Ўзбекистон чемпионатида ҳам ютиш учун бор кучимиз билан курашамиз. Кубокда уйда «Локомотив»га қарши осон ўйин бўлмайди. Бу ўйин билан кейинги учрашувни солиштириб бўлмайди. Умуман, бошқа муҳит бўлади. Футбол шуниси билан қизиқ, ҳеч нарса олдиндан режалаштирилмайди. Битта ўйин иккинчисига ўхшамайди. Албатта, ушбу учрашувга ҳам жиддий эътибор қаратамиз. Худо хоҳласа, уйда ғалаба қозониш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз», - дея Исмоиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.