Бугун
23
Ўзбек

Илҳом Ҳамроев: «Хориж йиғини миллий жамоа учун ҳар доим фойдали бўлиб келган»

Эксклюзив
22 сентябр, 17:49
Ҳамроев Tribuna.uz учун интервю берди.
Илҳом Ҳамроев: «Хориж йиғини миллий жамоа учун ҳар доим фойдали бўлиб келган»
Фото: Ўзбекистон футзали

Ўзбекистон футзал миллий жамоаси Европадаги йиғинни 4 та учрашув билан якунлади. Хабарингиз бор, миллий жамоа жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёни доирасида Европада ўқув-машғулот йиғини ўтказди.

Йиғин давомида жамоа Нидерландия ва Венгрия футзал миллий жамоаларига қарши жами 4 та назорат учрашуви ўтказиб, халқаро майдонда муҳим тажриба тўплади. Ушбу йиғин доирасида миллий жамоа яримҳимоячиси Илҳом Ҳамроев ўз фикрларини билдирди.

Нидерландияга қарши ўйинлар жамоа учун қандай ўтди?

— Нидерландия жуда яхши шаклланган жамоа. Буни жаҳон чемпионатида ҳам кўрганмиз. Шунга қарамай, уларга қарши иккита жуда яхши ўйин ўтказдик. Рақибни назорат қила олдик, фақат ўзимиздаги вазиятлардан фойдалана олмаганимиз учун мағлуб бўлдик, деб ўйлайман. Улар эса, аксинча, ўзларида бўлган имкониятлардан унумли фойдаланишди. Эҳтимол, вазиятларимиздан фойдаланганимизда бундай натижа бўлмаслиги мумкин эди.

Венгрияга қарши учрашувлар ҳақида қандай фикрдасиз?

— Биласизми, Венгрияга қарши иккита турли хил баҳсни ўтказдик. Айтайлик, биринчи ўйинда кўп вазиятлар бўлмади. Лекин яккакурашларда ютқазиб қўйганимиз сабаб рақиб бундан унумли фойдаланди. Биринчи учрашувда анча яхши ҳаракат қилгандик. Рақибга қараганда анча сифатли ва чиройли ўйин кўрсатгандик. Иккинчи баҳсда эса акси бўлди.

Хориж йиғини жамоага қанчалик фойдали бўлди?
— Албатта, жуда фойдали бўлди. Нима устида кўпроқ ишлашимиз кераклиги, қайси жиҳатларга эътиборимизни қаратишимиз зарурлигини билиб олдик. Энди шу камчиликлар устида астойдил меҳнат қиламиз. Одатда, хориждаги йиғинлар миллий жамоа учун ҳар доим фойдали бўлиб келган.

Олий лигада жамоангиз қандай мақсадлар билан иштирок этмоқда?

— Жамоамиз чемпионликни мақсад қилган. Худо хоҳласа, шу мақсад йўлида ҳар бир ўйинда очко учун курашамиз. Тўғри, бу осон бўлмайди. Лекин биз юқори мақсадларни кўзлаб, унга босқичма-босқич етиб боришга ҳаракат қиламиз. Қолганини вақт кўрсатади.

Бу йил чемпионлик учун кимларни асосий даъвогар деб ҳисоблайсиз?

— Барча жамоалар кучли. Шунинг учун бир-иккита жамоани алоҳида кўрсатиш нотўғри бўлади. Ҳозирда ҳаммада ижобий натижалар қайд этиш учун имкониятлар бор. Фикримча, бу йилги чемпионат баҳслари аввалгиларига қараганда анча қизиқарли ва муросасиз кечади.

Бугунги янгиликлар