«Галатасарой» «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Илкай Гундўған билан шартнома имзолайди. Бу ҳақда журналист Яғиз Сабунжуўғли хабар берди.
Туркия клуби 34 ёшли футболчига йилига 5 миллион евро маош таклиф этган. Музокаралар муваффақиятли якунланиш арафасида.
«Шаҳарликлар» раҳбарияти ҳам Гундўғаннинг истанбулликларга ўтишига розилик берган. Томонлар ўзаро келишувга эришган ва Илкай янги жамоаси билан икки йиллик шартнома имзолайди.
Эслатиб ўтамиз, Англия чемпионатининг жорий мавсумида яримҳимоячи ҳали «Манчестер Сити» сафида майдонга тушмади. Аввалроқ Эдерсон ҳам Истанбул клубига ўтгани маълум қилинганди.