Live
1
Ўзбек

Драган Черан: «Ўйлайманки, ўйин мухлисларга ҳам ёққан бўлса керак»

Эксклюзив
24 июл, 11:57
Сербиялик форвард «Локомотив»га қарши баҳсдан сўнг Tribuna.uz мухбирига эксклюзив интервю берди.
Драган Черан: «Ўйлайманки, ўйин мухлисларга ҳам ёққан бўлса керак»
Фото: Tribuna.uz

Суперлиганинг 13-турида голларга бой ўтган ўйинлардан бири Тошкентда бўлиб ўтди. «Локомотив» - «Андижон» ўртасидаги қизиқарли учрашувда дарвозаларга жами 6 та гол урилди. Ҳар иккала жамоа 3 тадан тўп киритди.

Эътиборлиси, майдон эгалари 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб, якунда ушбу устунлигини йўққа чиқарди.

Иккинчи бўлим бошида «Андижон» таркибида Драган Черан захирадан майдонга тушганидан сўнг «Бургутлар»нинг ўйини, ҳужумлари янада шиддатли тус ола бошлади. Чераннинг ўзи ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди.

Драган 39 ёшида ҳам рақиблар учун ҳамон хавфли футболчилигини кўрсатмоқда. У «Андижон» сафидаги учинчи голини киритди ва жамоасини мағлубиятдан сақлаб қолишда муносиб ҳиссасини қўшди. Ўйиндан кейин футболчи беллашув борасидаги саволларга жавоб қайтарди.

- Драган, аввало «Андижон»нинг «Локомотив»га қарши ўйинидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Жуда яхши, очиқ ва голларга бой ўйин бўлди. Ўйлайманки, баҳсни томоша қилиш ишқибозларга ҳам ёққан бўлса керак.

- Ростини айтинг, кимдир ўйин олдидан ҳисоб 3:3 бўлиб тугайди, дейдиган бўлса, бунга ишонармидингиз?

- Ўйин олдидан ҳисоб қандай бўлишини умуман ўйламайсан. Шунчаки, бор кучини ишга солиб, жамоа учун максимал даражада ҳаракат қилишга ва, албатта, ижобий натижага эришишга ҳаракат қиласан.

- Нима деб ўйлайсиз, 3:3 ҳисоби ўйинга мантиқий якун бўлдими?

- Ўйлайманки, иккала клуб ғалаба қозонишга ҳақли эди. Кўрсатган ўйини билан мағлуб бўлишга ҳам ҳаққи йўқ эди. Шундай экан, якуний ҳисоб ҳаққоний натижа.

- Кейинги турда «Андижон» ўз майдонида «Бухоро»ни қабул қилади. Табиийки, «Бухоро» мураббийлар штаби «Локомотив»га қарши ўйинни трибунадан кузатишди. Бўлажак беллашув олдидан нима деган бўлардингиз?

- Биз ўз майдонимизда, ўз мухлисларимиз қаршисида ўйнаймиз. Шу боис муносиб ва мазмунли ўйин кўрсатишимиз керак. Умид қиламанки, ғалаба қозонамиз.

- Жамоа 2:0 ҳисобида ютқазаётиб ҳақиқий характерини кўрсата олди ва кейинчалик рақиб 3:2 ҳисобида олдинда бораётганида ҳам жамоа тушкунликка тушмади, курашишда давом этди. Охир-оқибат ҳисобни тенглаштиришга эришди. Жамоанинг бундай характер кўрсатишининг сири нимада?

- Ҳар бир жамоада характер бор. Аммо асосий масала бутунлай бошқа жойда. Клуб керакли паллада характерини кўрсата оладими ё йўқми, шуниси муҳим. Бу учрашувда ўз характеримизни намойиш этдик, охиригача курашдик ва ҳаракатларимиз зое кетмади.

Бугунги янгиликлар