Live
2
Ўзбек

Дилшод Комилов: «Cуперлигада чемпионлик учун охиригача курашамиз»

Эксклюзив
9 ноябр, 06:09
Tribuna.uz мухбири наманганликлар ҳимоячиси билан суҳбатлашди.
Дилшод Комилов: «Cуперлигада чемпионлик учун охиригача курашамиз»
Фото: Навбаҳор ПФК

Суперлига 27-турида «Навбаҳор» Навоида «Қизилқум» меҳмони бўлди. Унда «лочинлар» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ягона гол Диёр Холматов ҳисобига ёзилди. Беллашувдан сўнг Tribuna.uz мухбири наманганликлар ҳимоячиси Дилшод Комилов билан суҳбатлашди.

- Аввало ғалаба билан табриклайман. «Қизилқум»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз...

- Табрик учун раҳмат. Бу ўйинга ҳар доимгидек яхши тайёргарлик кўрдик. Чунки қийин бўлишини жуда яхши билардик. Биринчи даврада дуранг қайд этганимиз сабаб фақат ғалаба бизни қониқтирарди. Навоийда муҳим ғалаба эришдик. Ҳимояда жуда тартибли ҳаракат қилдик. Рақиб гол уриши учун имконият бермадик. Биз эса ўз вазиятимиздан фойдаланиб, муҳим уч очкога эга бўлдик. Муҳими шу.

- Бу жамоа сиз учун бегона эмас. Навоийда ўйнагансиз. Собиқ жамоангизга қарши ҳаракат қилиш қандай кечди?

- Шубҳасиз, собиқ жамоага қарши ўйнаш менда яхши таассурот қолдирди. Аввало бирга ўйнаган дўстларим бор. Энди уларга қарши рақиб сифатида ҳаракат қилдим. Шу ўринда «Қизилқум»нинг кейинги ўйинларида омад тилаб қоламан.

- «Навбаҳор»да чемпионлик учун имконият кам. Демак, асосий мақсад Ўзбекистон кубогига қаратиладими?

- Ҳа, албатта. Вазиятга реал баҳо берсак, Ўзбекистон кубогида ғолиб чиқиш вазифамиз бор. Бунга чемпионатга қараганда яқинроқмиз. Лекин чемпионатда ҳам охирги турга қадар ҳаракат қиламиз. Чунки назарий жиҳатдан имкониятларимиз сақланиб қолинган. Олдинда қолган ўйинларимизда муваффақият қозониш ва наманганлик мухлисларни хурсанд қилиш учун ҳаракат қиламиз. Аммо қолгани Аллоҳдан. Ўзбекистон кубогида ҳам муваффақият қозониш асосий вазифамиз ва мақсадимиз ҳисобланади.

- Фабио Каннаваро яқинда ўз интервюларида шуни айтдики, миллий жамоа эшиклари ҳамма учун ҳар доимо очиқ. Сиз ҳам ундан таклиф кутяпсизми?

- Фикримча, миллий жамоага қайтиш ва ундан таклиф олиш учун ҳаммада яхши имконият бор. Албатта, бош мураббий мени яна таклиф қилса, ўзимни ҳар томонлама кўрсатиш учун ҳаракат қиламан. Миллий жамоа либосини кийиш ҳар доим мен учун шараф ҳисобланади.

- Суперлиганинг қолган учта ўйинидан нималар кутяпсиз?

- Фақат ғалаба бизни қониқтиради. Қолганини вақт кўрсатади.

Бугунги янгиликлар