Мадриднинг «Реал» клуби яримҳимоячиси Жуд Беллингҳем Ла Лига доирасидаги «Эспанёл»га қарши ўйиндан (2:1) сўнг ўз фикрларини билдирди.
Англиялик футболчи баҳсдаги биринчи голга муаллифлик қилди – 9-дақиқада Жуд жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Майдон эгалари танаффусгача ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди, бироқ 90-дақиқада Карлос Эспи «қаймоқранглилар» учун ғалаба голини уриб, Моуринио жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди.
«Мен аввалги икки йилда нима қилган бўлсам, ҳозир ҳам шу ишни қиляпман, фақат энди голлар ҳам қўшилди. Гол урганимда, одамлар ажойиб ўйнаётганимни айтишади, аммо мен учун энг муҳими – жамоага барча жабҳаларда ёрдам бериш, ҳужумларни кескинлаштирувчи узатмаларни амалга ошириш, рақибларни алдаб ўтиш ва ҳимоявий ҳаракатларда қатнашишдир. Гол – бу ҳар доим ўзгача бир нарса, лекин асосийси – бутун жамоага ёрдам бериш», – дея Беллингҳемнинг сўзларидан иқтибос келтиради Madrid Xtra.
Эслатиб ўтамиз, чоршанба, 26 август куни Жозе Моуринио жамоаси ўз майдонида «Реал Соседад»ни қабул қилади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади