Англия Премер-лигасининг бир қатор клублари — «Манчестер Юнайтед», «Арсенал», «Тоттенҳэм», «Ливерпул», «Брайтон», «Брентфорд» ва «Астон Вилла» — «Нант» жамоасининг марказий ҳимоячиси, 17 ёшли Тилел Тати ўйинини кузатиш учун скаутларини юборди. Бу ҳақда Caught Offside нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, франиялик ёш футболчига «Барселона» ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда. Каталон клуби Татини жамоа мудофаасига узоқ муддатли сармоя сифатида кўриб чиқмоқда.
«Нант» эса ҳозирча ўз истеъдодли футболчисини сотишга шошилмаяпти.
Маълумот учун, Тилел Тати Лига 1 доирасида 6 та ўйинда майдонга тушди. Унинг клуб билан тузган амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзида якунга етади. Трансфермаркт маълумотларига кўра, ҳимоячининг бозор қиймати 6 миллион еврони ташкил этади.