Англия футболидаги юқори бешта дивизионда иштирок этувчи клубларнинг 94 фоизи 2025/26 йилги мавсумни молиявий зарар билан якунлаган. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Мамлакат футболида даромадлар ошиб бораётганига қарамай, аксарият жамоаларнинг молиявий аҳволи оғирлигича қолмоқда.
Манбага кўра, Англия футболи устидан назорат қилувчи мустақил регулятор (IFR) томонидан эълон қилинган «State of the Game» ҳисоботида клубларнинг молиявий ҳолати таҳлил қилинган.
Унга кўра, Англия футболи бир мавсум давомида 9 миллиард фунт стерлингдан ортиқ даромад келтирган. Бироқ клубларнинг катта қисми харажатларини қоплашда қийналмоқда. Айниқса, қуйи дивизион вакиллари ўз эгаларининг молиявий ёрдамига қаттиқ боғланиб қолган.
Шунингдек, клубларнинг 29 фоизи эгалари молиявий ёрдамни тўхтатган тақдирда 30 кундан ортиқ фаолият юрита олмаслиги аниқланган. Регулятор клубларнинг ҳаддан ташқари кўп маблағ сарфлаши ва қарздорликнинг ортиши футбол тизимига жиддий хавф туғдираётганини таъкидлаган.
Маълумот учун, ҳисобот Англиянинг бешта юқори дивизионидаги 116 та профессионал клуб фаолиятини қамраб олган. Уларнинг қарийб 109 таси молиявий зарар билан ишламоқда. Мамлакат футболидаги умумий қарздорлик бу мавсум якунига қадар 5 миллиард фунт стерлингдан ошиши тахмин қилинмоқда.
IFR вазиятни яхшилаш мақсадида харажатлар устидан назоратни кучайтириш ва клублар ўртасида даромадларни адолатли тақсимлаш бўйича ислоҳотларни таклиф қилган.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади