Бугун
14
Ўзбек

Акмал Рустамов: «Истеъфо раҳбариятнинг қарори. Уни муҳокама қилмоқчи эмасман»

Эксклюзив
19 июн, 12:17
Рустамов ўрнига Жамшид Саидов тайинланди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Акмал Рустамов: «Истеъфо раҳбариятнинг қарори. Уни муҳокама қилмоқчи эмасман»
Фото: Қизилқум ПФК

Хабарингиз бор, яқинда «Қизилқум» клубида бош мураббий ўзгарди. Бунгача ушбу лавозимда ишлаб келган маҳаллий мутахассис Акмал Рустамов ўрнига Жамшид Саидов тайинланди. Tribuna.uz Саидов билан «Қизилқум» бош мураббийига айлангач интервю уюштирганди. Энди эса навоийликларнинг собиқ устози Акмал Рустамовдан бизнинг нашримиз интервю олди.

- Акмал ака, аввало, «Қизилқум»дан истеъфога чиқишингиз ҳақида сўрамоқчиман. Буни қандай қабул қилдингиз?

- Истеъфо – ҳар бир мураббийнинг бошида бор. Бу раҳбариятнинг қарори ва уни муҳокама қилмоқчи эмасман. Албатта, қийин кечди. Бир йил давомида бор билимим ва кучимни ишга солдим. Билмаганларимни устозлардан сўраб, вазиятдан чиқишга ҳаракат қилдим. Ўтган бир йил мен учун катта мактаб ва катта тажриба бўлди.

- Ортда қолган 11 та тур бўйича қандай хулоса чиқардингиз? Яъни, мураббий сифатида кетишингиз сизга оғир ботмадими?

- Ортда қолган 11 тур жуда қизиқ бўлди. Ғалабалар ҳам, мағлубиятлар ҳам кузатилди. Лекин бир нарсани айта оламанки, 3-турдан кейин бирин-кетин асосий таркибдаги футболчиларимиз жароҳат олиб сафдан чиқа бошладилар. 6-турга келиб 6 нафар асосий таркиб ўйинчилари майдонга туша олмадилар. 11-тургача улардан фойдалана олмадик.

Шунга қарамай, ўрнини маҳаллий ёшлар билан тўлдирдик. Натижада 11 турдан 13 очко олиб, жадвалнинг 10-ўрнидамиз. Истеъфога келадиган бўлсак, буни тўғри қабул қилдим. Иш бор жойда хатоликлар ҳам бўлади. Ҳозир хатоларни тўғрилашга айни вақти. Хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, мураббий сифатида тўхтаб қолмаслик керак.

- Маълумки, «Қизилқум»даги фаолиятингиз мобайнида маҳаллий ёшлар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратдингиз ва бир қанча ёш ўйинчилар кўринди. Бу йўналиш раҳбариятнинг мақсадимиди ёки ўзингиз шу йўлни танлаганмидингиз?

- Жамоани қабул қилиб олганимда 7 нафар ўйинчи ёрдам бера олмасди. 5 нафари жароҳат, яна 2 нафари карточкалар сабабли эди. Шунда иккиланмасдан U21 жамоамиздан маҳаллий ёшларни чақириб, ўрнини тўлдирдик ва уларга ишонч билдирдик. 9 тур давомида мағлубиятга учрамадик. Бунда футболчиларнинг ҳиссаси катта бўлди. Натижада ўзларига ишонишни бошладилар. Ёшларга келсак, ўзим унгача U21 жамоасини уч йил давомида бошқариб келганман. Ўшанда асосий таркибга тортадиган футболчилар йўқ эмасди. Уларга ҳам имконият бердик. Ўзларини кўрсатишди ва йил охирида 13-ўриндан 9-ўринга кўтарилдик. Ҳар бир жамоада клуб тарбияланувчиларига ҳам имконият бериш керак. Чунки улар «Қизилқум» клуби келажагини таъминлайдилар.

Раҳбарият билан келишган ҳолда ёшларни тарбиялашда давом этдик. Кўрганингиздек, бу ишимиз бирин-кетин мевасини берди. Акмал Музаффаров, Муродали Усмонов, Бобомурод Бозоров, Ғиёс Ризақулов, Шахзод Туропов ва яна бошқалар асосий таркиб футболчиларига айландилар ва мен бундан хурсандман. Бир йил давомида 6-7 нафар ёшларимизни тарбиялашга улгурдик.

- «Қизилқум» ҳозирда 10-ўринда. Ҳолбуки, вазият у қадар жиддий эмасдек кўринганди. Мана шундай ҳолатда истеъфога чиқишингиз ўзингиз учун кутилмаган ҳолат бўлиб туюлмадими?

- Айтиб ўтганимдек, жамоа ҳозирда 10-поғонада, вазият у қадар жиддий эмасди. Бу раҳбариятнинг қарори, уни муҳокама қилмоқчи эмасман. Шундай вазиятлар бўлдики, жамоа бирин-кетин 4 та ўйинда мағлубиятга учрадик. Ўшанда ҳам истеъфо ҳақида гап-сўзлар чиққанди. Бироқ раҳбарият менга ишонишда давом этди. Вазиятни тўғриладик. 4 мағлубиятдан кейин сафарда «Сурхон» устидан ғалаба қозондик ва уйда «Қўқон-1912» жамоасини ютдик. Ўтган бир йил давомидаги қилинган ишларни таҳлил қилиб чиқаман. Чунки танқид келажак меваси. Одам ўзини-ўзи танқид қилиб туриши керак.

-Айтинг-чи, «Қизилқум»даги фаолиятингиз давомида ўзингиз учун энг ёққан нарса нима бўлди?

- Футболчиларим, мураббийлар штаби, раҳбарият билан бир оила бўла олдик ва ёмон натижа кўрсатмадик. Айниқса, ўтган мавсумда 9 ўйинда мағлубиятга учрамасдан жамоани хавфли зонадан олиб чиқишга муваффақ бўлдик ва чемпионатни турнир жадвали ўртасида тугатганимиз ёқимли бўлди.

- Мураббий сифатида кейинги режангиз қандай? Олдингизда таклифлар бор, деб эшитдим…

- Таклифлар бор. Оилам билан муҳокама қилиб бир қарорга келаман. Бир йил мобайнида бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга, раҳбариятимизга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Мураббий сифатида ўтган бир йил мен учун катта мактаб ва катта тажриба бўлди. Ўқишда ва изланишда давом этиб, хатолардан тўғри хулоса чиқариб, ўз устимда ишлашда давом этаман.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Кизилкум Кизилкум
Бугунги янгиликлар