Ашраф Ҳакими Африка футбол конфедерациясидан совринни қабул қилиб олди.
«ПСЖ» клуби ва Марокаш миллий жамоаси ҳимоячиси 2025 йилда Африкадаги энг яхши футболчи сифатида тан олинди. Мукофот учун курашда у Муҳаммад Салоҳ («Ливерпул», Миср) ва Виктор Осимҳенни («Галатасарой», Нигерия) ортда қолдирди.
«Ушбу соврин фақат меники эмас. Бу барча африкаликларга, футболчи бўлишни орзу қилган ёш африкаликларга тегишли», — деди Ҳакими.
Шунингдек, маросимда Ёсин Буну («Ал Ҳилол», Марокаш) йилнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилди.
Ўз ёш тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Марокаш U-20 энг яхши миллий жамоа, Мисрнинг «Пирамидс»и эса энг яхши клуб деб топилди.