«Реал» собиқ бош мураббийи Зинедин Зидан жаҳон чемпионатидан сўнг Франция миллий жамоаси бош мураббийи лавозимига тайинланиши борасида оғзаки келишувга эришди. Бу ҳақда журналист Фабрицио Романо хабар берди.
«Зинедин Зидан атрофида ҳар доим «Реал» ва бошқа клублар билан боғлиқ миш-мишлар юради. Зидан бўйичавазиятга келсак, барча гап-сўзларга қарамай ҳолат анча тушунарлилигича қолмоқда.
Декабр ойида уни «Реал»га ўтиши мумкинлиги ҳақида айтилганди. Мен эса агар Хаби Алонсо кетса, номзод Арбелоа бўлади дегандим. Ҳозир ҳам Арбелоа клуб тизимида қолмоқда.
Зинединга келсак, у билан Франция футбол федерацияси ўртасида жаҳон чемпионатидан кейин Франция миллий жамоасини бошқариши бўйича оғзаки келишув мавжуд. Ҳозир барча эътибор Дешам билан мундиалга қаратилган.
Федерацияга, франциялик футболчиларга ва Дешамнинг ўзига ҳурмат юқори даражада. Олдинда катта турнир турибди, аммо кутилмоқдаки, мундиалдан кейин Зинедин мураббийлик фаолиятига қайтади ва миллий жамоани бошқаради.
Бироқ яна бир бор таъкидлайман, бу ҳозирча фақат сўзлар. Футболда ҳеч нарса аниқ бўлмаган экан, ҳар қандай ўзгариш юз бериши мумкин. Айниқса, мураббийлар масаласида», — деди Романо ўз подкастида.
Маълумот ўрнида, 53 ёшли Зидан 2021 йил июн ойида «Реал» бош мураббийлигини тарк этган ва шундан бери бош мураббий сифатида иш олиб бормаяпти. Аввалроқ Зиданнинг Испанияга учиб келгани маълум қилинганди.