Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) мексикалик Ҳайме Мунгия ва Никита Зон ўртасидаги жангни тасдиқламаганини маълум қилди. Ташкилот бу ҳақда ўзининг Instagram саҳифасида хабар берди.
«WBA Ҳайме Мунгия ва Никита Зон ўртасидаги жангни тасдиқламади. Бектемир Мелиқўзиев супер ўрта вазн тоифасида расмий даъвогар ҳисобланади. Ташкилот вазиятни қайта кўриб чиқади», — дейилади баёнотда.
Қайд этиш лозим, ўзбекистонлик боксчи WBA йўналиши бўйича супер ўрта вазн тоифасида чемпионлик камари учун мажбурий даъвогар ҳисобланади.
Маълумот учун, Бектемир профессионал боксда 18 та жанг ўтказиб, 17 тасида ғалаба қозонган ва бир марта мағлубиятга учраган. У ғалабаларининг 11 тасига нокаут орқали эришган.
Бунгача Мелиқўзиев чемпионлик жанги учун гонорар олмасдан ҳам рингга чиқишга тайёрлигини билдирганди. Шунингдек, ушбу жангни Ўзбекистонда ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилган.