Самарқанднинг «Динамо» клуби Қўқонда «Қўқон-1912» меҳмони бўлди. Қийин ўтган учрашувда жамоалар 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этишди. Мазкур баҳсдан сўнг «Динамо» устози Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этди.
— Ўйин ҳақида нима дея оласиз?
— Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин? Билмадим, футбол унчалик кўп бўлмади. Асосан кураш кетди. Бу кураш нафақат рақиб билан, балки майдон билан ҳам бўлди. Шунинг учун бундай майдонда гол уриш қийин. Шунга қарамай, икки жамоа ҳам ўйиндан гол уришнинг уддасидан чиқди. Шунинг учун футболчиларга алоҳида тасанно айтиш керак: шундай шароитда ҳам мухлисларни хурсанд қилишди. Умуман олганда, ўйинни шарҳлаш қийин, чунки футболдан кўра кураш кўпроқ бўлди. Бугунги учрашув шу тарзда кечди.
— Ўйин бошида ҳимоячилар кўпроқ хатоларга йўл қўйишди. Бу майдонга мослашиш қийин бўлгани билан боғлиқми?
— Ҳа, албатта, майдоннинг таъсири бор. Биз бу ерга биринчи марта чиқдик, шунинг учун майдонга мослашиш керак эди. Ҳимоячилар дастлабки дақиқаларда бошқача майдонда ўйнашга одатлангани кўриниб турди. Кейин эса мослашиб кетишди. Мен айтяпман-ку, бу ерда футболга унчалик ўхшамади. Умуман бошқа спорт турига ўхшади.
— Бугун таркибда ҳам йўқотишлар бор эди. Жамоанинг бир қатор футболчилари ёшлар терма жамоасига чақирилди. Бу ҳолат жамоага қанчалик таъсир қилди?
— Бизда шундай ҳолат юзага келди: футболчиларимиз ёшлар миллий жамоасига чақирилди. Жамоамизнинг етакчиларидан бири — Ўрмонжонов ҳам миллий жамоада. Шундай бўляптики, эҳтимол, миллий жамоа учун футболчилар тайёрлайдиган клуб сифатида бизда қандайдир устунлик бўлиши керакдир. Лекин аксинча, ўзимизни кучсизлантириб қўйяпмиз. Афсуски, шундай бўлди — футболчиларимизни қўйиб юбордик ва уларсиз ўйнаяпмиз. Бундан ташқари, Ҳожимирзаев ҳам жароҳатланганини биласиз. Шунинг учун бугун у ҳам бизга ёрдам бера олмади. Амоно́в эса анчадан бери ўйнамаган эди, бугун майдонга тушди, лекин ҳали тўлиқ тайёр эмас. Ўрозов ҳам кетган. Буларнинг барчаси биз учун сезиларли йўқотишлар. Бундан ташқари, жароҳатланган футболчиларимиз ҳам бор. Шунинг учун таркиб билан боғлиқ муаммо бор. Лекин курашишда давом этамиз. Кўрамиз, ишлар қандай бўлар экан.
— Албатта, асосий масала майдон ҳақида. Бундай ҳолатда футбол ўйнаш қийин. Бу лига учун шармандали ҳолат, деб ўйламайсизми? Албатта, таркибда йўқотишлар бор, лекин жамоада футболчилар бўлса, шундай ўйинларда ҳам имкониятлардан максимал даражада фойдаланиш керак, тўғрими?
— Ҳа, сиз ҳақсиз. Лекин яна айтаман, бугун футболга унчалик ўхшаган ўйин бўлмади. Ҳозир биз кўпроқ шундай майдондан кейин қандай тикланиш ҳақида ўйлаяпмиз. Ўзингиз ҳам кўрдингиз, майдон жуда юмшоқ ва ботқоқ эди. Деярли қум устида ўйнагандек бўлдик. Бу бошқа спорт тури — пляж футболига ўхшайди. Бундай майдонда жисмоний юклама, табиийки, жуда катта бўлади. Ҳозир Самарқандга етиб боришимиз ва тикланишимиз керак. Чунки 10-санаданоқ кейинги ўйинимиз бор. Унгача жуда кам вақт қолди. Самарқандга етиб боргунимизча, ўйинга деярли уч кун қолади. Шунинг учун асосий вазифа — тикланиш.
— Мутахассис сифатида Ўзбекистондаги футбол майдонлари ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. Маълум бўлишича, майдонларнинг барчасини битта компания қурган экан. Нима сабабданлигини билмайман, лекин вақт ўтиши билан деярли барча майдонларда муаммолар пайдо бўляпти. Улар ПФЛга бориб, интервью қилишган ва муаммони клублар тўловларни тўлиқ амалга оширмаётгани, шу сабабли майдонларга зарур хизмат кўрсатилмаётгани билан изоҳлашган. Бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкин? Ахир барча жамоалар ҳам фақат курашиб ўйнамайди. Масалан, «Динамо», ОКМК тўп билан ўйнайдиган жамоалар. Бундай майдонларда улар ўз ўйинини кўрсата олмайди. Нима қилиш керак?
— Велосипед ихтиро қилиш шарт эмас. Бу жуда оддий масала. Масалан, мен агроном эмасман. Қишлоқ хўжалигидан узоқ одам бўлсам ҳам, шароитларимиз учун бу майдон мос эмаслигини тушуниш қийин эмас. Бу аниқ. Иккинчи йилдирки, деярли барча майдонларимизда муаммо бор. Агар биз Самарқандда шу майдонда машғулот ўтказганимизда, у ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолган бўларди. Бу ўт Узбекистон шароитига мос эмас. Менинг билишимча, ёзда, қуёш бўлмаган пайтда майдонни суғоришади. Бу ерда эса аксинча — қуёш чиқиб турган пайтда суғоришади. Тасаввур қилинг, сизга қуёшнинг тагида сув сепишса, нима бўлади? Бу ўт ҳам худди шундай. Шунинг учун бу майдон ўти бизнинг шароитимизга мос эмас. Хулоса оддий — бошқа турдаги ўт қопламасини ётқизиш керак. Бир вақтлар «Локомотив» стадионида, агар эсласангиз, Ачилбай Жуманиязович менга «Локомотив»даги майдонни жуда яхши ҳолатга келтирадиган мутахассисларни топиш вазифасини берган эди. Мен ҳам масалани ўрганиб кўрдим. Албатта, ўзим мутахассис эмасман. Лекин Кореяда жаҳон чемпионати ўтказилган, Японияда ҳам шундай. Биз у ерларга ўйнагани борганмиз — майдонлар жуда яхши. У ерлардаги иқлим ҳам Ўзбекистонга ўхшайди: совуқ ҳам бўлади, иссиқ ҳам.
Шунда Кореяга қўнғироқ қилиб, мутахассисларни сўрадим. Улар мутахассисларни юборишди. Кореялик мутахассислар келиб, биринчи навбатда майдондан таҳлил учун намуна олишди. «Пахтакор»га бордик, у ерда ҳам майдонни текширишди. Улар: «Йўқ, бу майдон сизларнинг шароитингизга мос эмас”, дейишди. Кейин «Жар» стадионига олиб бордик. Ўша пайтда, адашмасам, у ерда «Бунёдкор» ўйнарди ва майдон эндигина ётқизилган эди. Майдон жуда идеал ҳолатда эди. Улар текшириб кўришди ва: «Бу ҳам сизларнинг шароитингизга мос эмас», дейишди.
Шундан кейин уларни Политотделга олиб бордик. Улар майдонни кўриб: «Мана шу ўт Ўзбекистон шароитига ҳақиқатан мос келади», дейишди. Улар ҳатто 10 йиллик кафолат беришди ва: «Бу майдонда йилига 300 та ўйин ўтказишингиз мумкин», дейишди. Тасаввур қиляпсизми? Бу майдон 15 йил хизмат қилди. Агар ўз вақтида уни охиригача йўқ қилиб ташлашмаганида, ишончим комилки, ҳали ҳам хизмат қилган бўларди. Шунинг учун ҳар ким ўз иши билан шуғулланиши керак. Агар инсон бирор соҳани яхши тушунса, шу ишни ўзи қилиши керак. Бу ерда муаммо фақат майдонда эмас. Қолгани ҳақида эса нима дейишни билмайман. Мен мутахассис эмасман – дея Абрамовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади