«Ан Наср» клуби ва Португалия миллий жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду 2026 йилги Жаҳон чемпионати иштирокчилари орасидаги энг кўп маош олувчи футболчилар рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Sportico нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, Роналду сўнгги 12 ой давомида солиқлар ва агентлик комиссияларини ҳисобга олмаган ҳолда 295 миллион доллар даромад олган.
Бундан 230 миллион доллари «Ан Наср» билан тузилган шартнома ҳисобига тўғри келса, яна 65 миллион доллари реклама ва ҳомийлик келишувларидан келиб тушган.
Рейтингда иккинчи ўринни «Интер Майами» ҳамда Аргентина миллий жамоаси сардори Лионел Месси эгаллади. У жами 140 миллион доллар даромад топган бўлиб, бу маблағнинг 70 миллион доллари майдондаги фаолиятидан, қолган 70 миллион доллари эса тижорий лойиҳалар ва реклама шартномаларидан тушган.
Кучли учликни «Реал» ҳужумчиси Килиан Мбаппе якунлаб берди. Франциялик форвард 100 миллион доллар даромад қилган бўлиб, шундан 70 миллион доллари маош ва мукофот пуллари, 30 миллион доллари эса реклама шартномалари ҳисобига тўғри келади.
Топ-10 рўйхатидан қуйидаги футболчилар ҳам ўрин олган:
1. Криштиану Роналду («Ан Наср», Португалия) – 295 миллион доллар
2. Лионел Месси («Интер Майами», Аргентина) – 140 миллион доллар
3. Килиан Мбаппе («Реал», Франция) – 100 миллион доллар
4. Эрлинг Ҳоланд («Манчестер Сити», Норвегия) – 80 миллион доллар;
5. Винисиус Жуниор («Реал», Бразилия) – 60 миллион доллар;
6. Муҳаммад Салоҳ («Ливерпул», Миср) – 55 миллион доллар;
7. Садио Мане («Ан Наср», Сенегал) – 54 миллион доллар;
8. Риёд Маҳрез («Ал Аҳли», Жазоир) – 53 миллион доллар;
9. Жуд Беллингҳэм («Реал», Англия) – 44 миллион доллар;
10. Ламин Ямал («Барселона», Испания) – 43 миллион доллар.