«Ривер Плейт» клуби Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол» жамоаси дарвозабони Яссин Бунуни ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда. Клуб марокашлик 35 ёшли голкиперга қизиқиш билдираётганини расман тасдиқлади.
«Яссин Буну трансфер мақсадларимиздан бири ҳисобланади. Агар Белтран жамоани тарк этса, уни сотиб оламиз. Айнан Буну — «Ривер Плейт» таркибида кўришни истаган дарвозабон», — деди клуб матбуот котиби Рикардо Дасо Саудиянинг Al Midan телеканалига берган интервюсида.
Аргентиналиклар трансферни йил ўртасигача қолдирмасдан, январ ойидаёқ амалга ошириш вариантини кўриб чиқмоқда. Шу мақсадда «Ривер Плейт» вакиллари марокашлик дарвозабон билан шахсан музокара ўтказиш учун Саудия Арабистонига йўл олган.
Дарвозабоннинг «Ал Ҳилол» билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг июл ойига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 3 миллион еврога баҳоламоқда.