«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳимоячи Тайрелл Маласиа фаолиятини АҚШнинг «Цинциннати» клубида давом эттиради.
Нидерландиялик 27 ёшли чап қанот ҳимоячиси MLS вакили билан 2027 йилнинг ёзига қадар битим имзолади. «Цинциннати»да шартномани яна бир мавсумга узайтириш имконияти ҳам бор.
Маласиа «Цинциннати» сафига эркин агент сифатида қўшилди. У 2026 йил ёзида «Манчестер Юнайтед» билан шартномаси якунланганидан кейин клубсиз қолган эди. У «қизил иблислар» сафида барча турнирлар доирасида 50 та учрашувда майдонга тушган.
Маласиа «Фейеноорд» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У роттердамликлар асосий жамоасида 137 та учрашувда иштирок этган. 2022 йил июл ойида ҳимоячи «Манчестер Юнайтед»га кўчиб ўтган. Жароҳатлар сабаб жамоадаги ўрнини йўқотганди.
«Цинциннати» бош менежери Крис Олбрайт Маласианинг тажрибасини юқори баҳолади.
«Тайрелл каби тажрибали футболчини жамоага қўшганимиздан мамнунмиз. У футболнинг энг юқори даражасида ўйнаган ва бундай даражадаги рақобат талабларини яхши билади. Унинг тўп билан муомаласи, ҳимоядаги ҳаракатлари ва жамоа манфаатини биринчи ўринга қўядиган ёндашуви биз учун муҳим қўшимча бўлади», — деди Олбрайт.