Янги мавсум олдидан «Нефтчи» Фарғона клуби томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган таништирув маросими бу гал мутлақо янгича руҳ ва мазмунда ташкил этилди.
Аввалги йиллардан фарқли равишда, бу сафар янги аъзоларни таништириш шунчаки саҳна ва расмий тақдимот билан чекланиб қолмади. Маросим аввало меҳр-шафқат ва инсонпарварлик ғоялари асосида ўтказилди. Янги футболчилар ногиронлиги бўлган болалар билан бирга саҳнага чиқиб, шахсий рақам туширилган футболкаларни бевосита уларнинг қўлидан қабул қилишди. Бу эса тадбирга алоҳида самимият ва таъсирчанлик бағишлади.

Айниқса, ҳозир муборак Рамазон ойи муносабати билан хайрия ва эҳсон тадбирлари ўтказилгани маросимнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлди. Қурбонлик амалга оширилиб, нуронийлар ва тарбияланувчилар иштирокида дуо-фотиҳалар қилинди. Ифторлик дастурхони ёзилиб, футболчилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари шахсан тарқатилди. Нуронийларни ифторликка кузатиб кириш ва улар билан бир дастурхон атрофида суҳбат қуриш жараёнлари тадбирга чуқур маънавий мазмун бахш этди.




Янги мавсумда жамоанинг янги аъзолари қуйидаги рақамларда ҳаракат қилишади:
16 — Иброҳим Шокиров
2 — Иззатилло Пўлатов
44 — Мўминхон Баҳодирхонов
9 — Хуршид Ғиёсов
77 — Ратинио
14 — Далер Тухсанов
30 — Рустам Фомин
11 — Асилбек Жумаев
18 — Перица Стипе