Бугун
8
Ўзбек

Миниоле мавсум сўнгида фаолиятини якунлашини эълон қилди

Футбол
2 апрел, 18:05
«Ливерпул» клуби ва Белгия миллий жамоаси собиқ посбони кейинги манзилини ҳам айтди.
Иззатиллаев Аъзамжон
Аъзамжон Иззатиллаев Редактор
Миниоле мавсум сўнгида фаолиятини якунлашини эълон қилди
Foto: Getty Images

«Брюгге» дарвозабони Симон Миниоле мавсум якунлангач фаолиятини тугатишини маълум қилди.

«Белгия чемпионатининг плей-офф ўйинлари футболчилик фаолиятимдаги сўнгги 10 та баҳс бўлади. 1 сентябрдан бошлаб Белгия футбол федерациясининг спорт бўлимида раҳбарлик лавозимида янги вазифани бажаришга киришаман. Қайси лавозимни эгаллашимни кейинроқ аниқ айтаман.

Бу — пухта ўйланган қарор, у вақт талаб қилди. Буни жуда узоқ вақт яширишимга тўғри келди. Ҳатто бу ҳақда ўғлимга ҳам кеча айтдим. Мунтазам лиганинг сўнгги ўйинидан кейин бошқарув раиси, раҳбарият ва мураббийни хабардор қилдим. Кеча жамоадошларимга ҳам айтдим.

Плей-офф давомида турли миш-мишлар бўлмаслиги учун очиқ гапириш муҳим деб ҳисобладим. Шунинг учун ҳозирча ҳиссиётга берилган миннатдорчилик сўзларини айтмоқчи эмасман, чунки иш ҳали тугамади. Мен яна чемпион бўлишни ва «Брюгге» билан иккинчи юлдузни қўлга киритишни истайман.

Энди плей-оффдаги ўйинларим диққат билан кузатилади. Бу — футболнинг бир қисми. Лекин мен ҳар куни, охирги дақиқагача қатъият билан ҳаракат қиламан», — деди Миниоле ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

Дарвозабон профессионал фаолиятини «Сент-Труйден» клубида бошлаган, у ердан 2010 йилда «Сандерленд»га ўтган. 2013-2019 йиллар оралиғида «Ливерпул» сафида ўйнаб, 2018/19 йилги мавсумда Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан.

«Брюгге» таркибида Миниоле 4 марта Белгия чемпиони бўлган, бир марта мамлакат кубогини ютган ва икки бор суперкубок соҳиби бўлган.

Дарвозабон Белгия миллий жамоаси сафида 35 та ўйин ўтказган ва 2018 йилги Жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган.

Simon Miniole
Foto: Getty Images

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • AFC Liverpool AFC Liverpool
  • Club Brugge Club Brugge
Бугунги янгиликлар