Италиянинг «Милан» клуби яримҳимоячиси Кристиан Пулишич яқин кунларда янги битимга имзо чекиши кутилмоқда. Бу ҳақда инсайдер Николо Скира ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотларига кўра, томонлар тўлиқ келишувга эришишига бир қадам қолган. Аввал хабар қилинганидек, янги шартнома 2031 йил ёзигача мўлжалланган бўлади. Америкалик футболчининг маоши эса, манбага кўра, йилига 6 млн еврони ташкил қилади.
Маълумот учун, Кристиан Пулишич 2023 йилдан буён «Милан» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг амалдаги шартномаси кейинги йил ёзда ниҳоясига етади. Янги мавсумда 28 ёшли футболчи барча мусобақаларни инобатга олганда 7 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 1 та голли узатма етказиб берди.