2025/2026-йилги футзал мавсумининг энг катта кашфиётларидан бири бўлган Тошкентнинг СҚБ жамоаси бош мураббий Константин Свиридов билан ҳамкорликни якунлади.
Жамоа мамлакат чемпионатидаги дебют мавсумидаёқ кумуш медалларни қўлга киритиб, Ўзбекистон вице-чемпионига айланди. Шунингдек, СҚБ Ўзбекистон кубоги мусобақасида финалга қадар етиб бориб, мавсумнинг энг муваффақиятли жамоаларидан бири сифатида эътироф этилди.
Клуб берган расмий маълумотда, мутахассис ва клуб ўртасида тузилган икки йиллик шартнома муддати якунлангани айтилади. СҚБ раҳбарияти ҳамда жамоа аъзолари Константин Свиридовга самарали меҳнати, жамоа ривожига қўшган ҳиссаси ва эришилган юқори натижалар учун миннатдорлик билдириб, унинг кейинги фаолиятига омад тилашган.

Маълумотларга кўра, СҚБ жамоасининг янги бош мураббийи номи яқин кунларда расман эълон қилинади.