Англия футбол ассоциацияси (FA) Лондоннинг «Челси» клубини мухлисларининг номақбул хатти-ҳаракатлари сабаб 150 минг фунт стерлинг миқдорида жаримага тортди.
Жазога январ ойида «Челси» ва «Чарлтон» ўртасида ўтказилган учрашувдаги воқеалар сабаб бўлди. Ушбу баҳс лондонликларнинг 5:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди.
FA томонидан ўтказилган текширув натижасида «Челси» мухлисларининг бир қисми католиклар ва ирландияликларга нисбатан ҳақоратли иборалар ишлатгани аниқланган.
Клуб қоидабузарлик содир этилганини тан олган, аммо белгиланган жазонинг оғирлигига эътироз билдиришга уринган.
Интизом қўмитаси хулосасига кўра, ҳақоратли шиорлар тахминан бир дақиқа давом этган ва учрашувнинг қолган қисмида такрорланмаган. Бироқ ушбу ҳолатда кўп сонли мухлисларнинг иштирок этгани жазони оғирлаштирувчи асосий омил сифатида баҳоланган.
Шу сабабли Англия футбол ассоциацияси «Челси»га нисбатан 150 минг фунт стерлинг миқдорида молиявий санкция қўллашга қарор қилган.
Қизиғи, бундан бир неча кун аввал айнан шундай мазмундаги ҳақоратли шиорлар сабаб Англия футбол ассоциациясининг ўзи ҳам UEFA томонидан жазоланган эди.
Telegram’да биринчи бўлиб фикр билдиринг
Муҳокамага ўтишИзоҳлар Telegram’да очилади