«Барселона» клуби Испания кубогида яна бир муҳим натижага эришди. Каталонияликлар «Албасете»га қарши чоракфинал баҳсида 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, сўнгги 20 йил ичида 16-бор яримфинал босқичига йўл олди.
Эътиборлиси, «Албасете» ушбу турнирда аввалроқ Мадриднинг «Реал» клубини мусобақадан чиқариб юборганди, бироқ бу сафар «кўк-анорранглилар»ни тўхтата олмади.
Умумий ҳисобда, «Барселона» Испания кубоги яримфиналида 62 марта иштирок этган. Клуб 43 бор финалгача етиб борган ва шулардан 32 тасида бош совринни қўлга киритган. Бу Испания кубоги тарихидаги энг яхши натижа ҳисобланади. Таққослаш учун, Мадриднинг «Реал» клуби ушбу мусобақада 20 бор ғолиб чиққан.