«Барселона» «Реал» собиқ ҳимоячиси Давид Алабанинг вазиятини кузатмоқда. Бу ҳақда журналист Экрем Конур хабар берди.
Манбага кўра, «Барселона» эркин агентларни жалб қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бош мураббий Ҳанс-Дитер Флик Алабани «Бавария»даги фаолияти давридан яхши билади. Каталония клуби австриялик футболчининг марказий ҳимоя ва қанотда ўйнай олиш қобилиятини юқори баҳоламоқда.
Шу билан бирга, айни пайтда Алабанинг Италия клубига ўтиши эҳтимоли юқорироқ. Ҳимоячига «Рома» ва «Лацио» қизиқиш билдирмоқда.
Маълумот учун, Алаба 2021–2026 йилларда «Реал» сафида ўйнади. У барча турнирларда 132 та баҳсда майдонга тушиб, 5 та гол ва 9 та голли узатмани амалга оширган. Ўтган ёзда футболчи эркин агентга айланди.