«Аталанта» ёзги трансфер ойнасида ҳужумчиси Адемола Лукманни «Интер»га қўйиб юбормагани сабабли футболчи ва клуб ўртасида низо келиб чиққан эди. Шу сабабли, нигериялик форвард ҳали янги мавсумда бирорта ўйинда майдонга тушмади.
La Provincia нашрининг маълум қилишича, футболчи бергамоликлар бош мураббийи Иван Юрич билан бир неча учрашувлар ўтказган. Адемола клуб учун яна борини беришга тайёрлигини тасдиқлади ва мураббий уни жамоага қайтаришга рози бўлди.
«Аталанта» навбатдаги ўйинини А Серия доирасида 21 сентябр куни «Торино»га қарши меҳмонда ўтказади.
27 ёшли Лукман клубга 2022 йилда «Лейпциг»дан 11 миллион евро эвазига келиб қўшилган. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзида якунига етади.