Live
1
Ўзбек

Андрей Шипилов: «Ўйинимизнинг кўплаб жиҳатларини яхши кўринишга келтиришимиз учун етарли потенциалга эгамиз»

Эксклюзив
4 июл, 09:03
Қўқонликлар устози Tribuna.uz учун ҳозирги йиғин борасидаги саволларга жавоб қайтарди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Андрей Шипилов: «Ўйинимизнинг кўплаб жиҳатларини яхши кўринишга келтиришимиз учун етарли потенциалга эгамиз»
Фото: Қўқон-1912 ПФК

Айни пайтда клублар ёзги тайёргарлик йиғинларига зўр беришган ва ўз режалари асосида ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилишган. Жумладан, «Қўқон-1912» жамоаси ҳам тайёргарлик ишларини олиб бормоқда.

Ушбу клуб ҳозирда мусобақа жадвалида 11 турдан сўнг 2 ғалаба, 5 дуранг ва 4 мағлубият қайд этиб, 11 очко билан 14-поғонани эгаллаб турибди.
Йил бошида клубга таклиф қилинган бош мураббий Андрей Шипилов қўл остидаги жамоани ҳозирги ҳолатдан олиб чиқиш ва юқорига кўтариш учун машғулотларда жиддий ишлаяпти.

Қўқонликлар устози Tribuna.uz учун ҳозирги йиғин борасидаги саволларга жавоб қайтарди.

- Андрей Сергеевич, жамоангизнинг ёзги машғулот йиғини қандай ўтмоқда?

- Ўтган июнь ойини Қўқонда ўтказдик. Икки маҳаллик машғулот режимида ишладик. Шунингдек, югуриш, тренажёр залида ҳам шуғулландик. Кечки машғулотни майдонда ташкил қилдик. Ҳафталик жараённи назорат учрашувлари билан ёпдик. Икки марта икки томонлама ўзаро учрашув ўтказдик. Кейин эса Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан келган клуб билан куч синашдик. Бундан ташқари, яйпанлик қўшниларимиз билан ҳам ўйнадик. Энди икки ҳафта Тошкентда бўламиз ва у ерда икки учрашувни ўтказиш режалаштирилган. Тайёргарлик кўряпмиз, ҳаммаси оддий иш режимида кетмоқда.

- Раҳимжон Давронов билан битим тузилди. Иброҳим Йўлдошев ҳам машғулот лагерида. Таркибда қандай ўзгаришлар бўляпти?

- Бу футболчиларни таклиф қилишга эришдик. Умид қиламанки, уларнинг жамоага фойдаси тегади.

- Ортда қолган 11 турдан кейин қандай хулосага келдингиз?

- 11 турни ўтказдик. Албатта, бугунги кунга келиб мусобақа жадвалида эгаллаб турган ўрнимиздан кўнглим тўлмаяпти. Боз устига чемпионат бошида бироз омадимиз чопмади. Иккита ўйинни истисно қилганда биз деярли курашсиз ҳеч кимга енгилмадик. 6 турни мағлубиятсиз ўтказдик ва яхши футбол намойиш қилдик. Бу реал тарзда имкониятларимизни ифодалаб беради.

- Қайси позиция сизни кўпроқ ўйлантиряпти?

- Ҳар доим кўпроғини истайсан. Бир-бирига муқобил иккита тенг таркибни хоҳлаб қоларкансан. Лекин клубнинг имкониятлари чексиз эмас. Шуни инобатга олиш керак. Ихтиёримизда бор футболчилар билан ўйинимизни яхшилашга ҳаракат қиламиз.

- Ёзги машғулот лагеридан сўнг жамоангиз ўйини қанчалик ўзгаради?

- Жамоа ҳужум пайтидаги вазиятлардан самарали фойдаланиши керак. Шу билан бирга ўйинларга ҳар томонлама масъулият билан ёндашиши мақсадга мувофиқ бўларди. Ўйинимизнинг кўплаб жиҳатларини яхши кўринишга келтиришимиз учун етарли потенциалга эгамиз. Ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам яхши ҳаракатланиш зарур. Бунинг учун кўп меҳнат қилиш керак бўлади.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Қўқон-1912 Қўқон-1912
Бугунги янгиликлар