Live
10
Ўзбек

Агуэро Ҳоланд «Сити»даги ўзининг рекордини янгилаш имкониятларини баҳолади

Футбол
19 сентябр, 15:08
«Шаҳарликлар»нинг собиқ ҳужумчиси норвегиялик футболчининг сермаҳсуллиги борасида фикрлари билан ўртоқлашди.
Агуэро Ҳоланд «Сити»даги ўзининг рекордини янгилаш имкониятларини баҳолади
Фото: Gettyimages

«Манчестер Сити»нинг собиқ ҳужумчиси Серхио Агуэро «шаҳарликлар» форварди Эрлинг Ҳоланд инглиз клуби сафида гол уриш бўйича уни ортда қолдира оладими, деган масала бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.

«Менимча, ҳа. Агар у шу зайлда давом этса, мендан ўзиб кетмаслиги учун ҳеч қандай имконият йўқ. У дунёдаги энг яхши ҳужумчилардан бири. Аммо у мендан ўзиб кетган тақдирда ҳам, мен барибир энг яхшилар қаторида қоламан, шунинг учун бунинг унчалик ҳам аҳамияти йўқ. Ҳоланднинг гол уриши ва «Сити»га ўйинлар ва унвонларни қўлга киритишда ёрдам бериши муҳим», - деди Агуэро Стаке Football нашрига.

Маълумот учун, Агуэро ҳозирда «Манчестер Сити» тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади. Аргентиналик футболчи 2011 йилдан 2021 йилгача «шаҳарликлар» сафида тўп тепган. Шу вақт мобайнида у 390 та ўйин ўтказиб, 260 та гол урган ва 65 та голли узатмани амалга оширган.

Эслатиб ўтамиз, Ҳоланд 2022 йилдан бери «Манчестер Сити» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг ҳисобида 204 учрашувда 168 та гол ва 30 та голли узатма бор.

Бугунги янгиликлар