Live
2
Ўзбек

Рўзиқул Бердиев: «Ютқазишга муносиб эмасдик»

Эксклюзив
16 август, 15:53
«Насаф» бош мураббийи «Пахтакор»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Рўзиқул Бердиев: «Ютқазишга муносиб эмасдик»
Фото: Насаф ПФК

Суперлигада 17-тур ниҳоясига етди. Турнинг охирги баҳсида «Насаф» Қаршида «Пахтакор»ни қабул қилди.

Қизиқарли ўтган баҳсда 1:2 ҳисобида меҳмонлар ғалаба қозонди. Мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев эса матбуот анжуманида бир нечта саволларга жавоб қайтарди.

- Бугун озгина омадимиз келмади, десам ҳам бўлади. Чунки ютқазишга муносиб эмасдик. Ўйинни ҳаяжон ва хато билан бошладик. Иккинчи бўлимда ташаббусни ўз томонимизга оғдирдик, гол урдик. Лекин «Пахтакор» жамоасининг захирадан майдонга тушган футболчилари ўйинни ўзгартириб юборди.

- Биринчи голда Алибек Давронов хато қилдими ёки олдинга чиқиб кетган дарвозабонми?

- Менимча, Алибекни хатоси кўпроқ. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам у биринчи тўпга тегди. Бошқачароқ қарор қилса ҳам бўларди. Қийин вазиятда эдию, аммо тўпни дарвозани устидан тепиб юборса бўларди. Шунинг учун Давроновни позицион эмасу, техник хатоси бўлди, деб ўйлайман. Лекин у бугун яхши ўйнади. Бошидаги ҳаяжонни ҳисобга олмасак, жамоага ёрдам беришни жуда хоҳлади. Йигитларга миннатдорчилик билдириш керак, борини бериб ҳаракат қилишди. Аммо «Пахтакор»ни бугунги даражаси, иккита тенг таркибга эгалиги уларга устунлик берди.

- Акром Комиловни ўйинидан қониқмагандек бўлдингиз…

- Қониқмаганлигим учун захирага олдим. Биз тезлик қўшишимиз ва жойлашувни ўзгартиришимиз керак эди. Бу бизга анча қўл келди, жамоа иккинчи бўлимни яхши бошлади. Имкониятлар яратилди, Шарофни, Сардорни хавфли зарбалари, ташаббус биз тарафда эди. Омадимиз келганда ҳисоб бошқача бўларди.

- Шала яхши ўйнаяпти. Бироқ уни доим захирага оляпсиз. Буни бирор сабаби борми?

- У толиқиб қоляпти. Фаоллиги камайганидан кейин захирага оляпмиз. Уларда ҳам янги ўйинчилар тушишди, ўйинга яхши қўшилиб, тезлик қўшишди. Биз ҳам бу нарсани амалга оширишимиз керак эди. Шала ўйнаган пайтда албатта жамоага ёрдам беришга ҳаракат қилди. Бироқ охирида чарчоқ бўлгач, уни захирага олдик.

- «Насаф»ни кейинги турда Наманганда «Навбаҳор»га қарши ўйин кутмоқда. Бугун жамоа катта куч сарфлади. Бу навбатдаги учрашувда салбий таъсир кўрсатмайдими?

- Албатта, бу оғир. Биз шунга тайёр бўлишимиз керак эди. Хоҳлаган таркибни йиға олмадик, бунга имкониятимиз ҳам бўлмади. Шунинг учун бор йигитлардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Уларни тезроқ тиклаб кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.

- Грузиялик футболчи нима учун кўринмади ёки у ҳали жамоага мослашгани йўқми?

- Ҳа, мослашиши керак. У охирги бир ойда умуман ўйнагани йўқ. Шунинг учун жисмоний ҳолати яхши эмас. Тактик ўзгаришларимизга уни жисмоний ҳолати ёки бундай рақибга қарши таваккал қилиш нотўғри эди. Унинг имкониятларини чамалаб боряпмиз. Сифати бор, ҳужумда яхши ҳаракат қилади. Тезроқ жамоага мослашиши ва кўникиши керак.

- Жарима зарбаларини бажарилишида сизни қанчалик аралашувингиз бор?

- Буни амалга ошириши мумкин бўлган бир нечта йигитлар бор. Зафармуродда нафақат жарима тўпи, балки ўйинида ҳам пасайиш сезилди. Барча ўйинларда ўйнаётгани учун балки шундай бўлгандир ва ўйинга тезлик қўшиш учун уни захирага олдик. Зафармурод бундан-да, яхшироқ ўйнаши мумкин. Лекин бугун йўллаган зарбаси жуда ноаниқ бўлди.

- Жамоага кимларни олиб келишни хоҳлагандингиз?

- Улар легионерлар эди. Кучлироқ, даражаси юқорироқ легионер вариантларимиз бор эди. Бизда уларни олишга имконият бўлмагани учун биз шулар билан чегараланиб қолдик. Уларни олиш учун молиявий томондан имкониятимиз яхшироқ бўлиши керак. Энг яхши, ўрта ва охирги вариантлар бўлади. Биз энг охирги вариантлар билан чегараланиб қолдик.

- Сиз «Насаф»га содиқ бўлгансиз, ҳеч қаерга кетмагансиз. Нимага шуни шогирдларингизга тушунтирмагансиз?

- Шогирдларимиз жуда ҳам кўп. Ҳар бир жамоага қарши ўйнасак 3-4 тасига қарши ўйнаймиз. Баъзида бу хунук туюлиши мумкин, аммо бу футбол. Ҳар кимни тарбияси ё дунёқараши, қарори бор. Содиқ йигитлар ҳам бор. Кимдир кетади, футбол орқали ҳаётини тўғрилаши, ўзгартириши керак. Бунақа ҳолатга кўп тушганмиз. Кўп футболчилар кетган, санасак 50 дан ошиб кетгандир. Улар биз учун шогирд, билмадим устоз деб тан оладими-йўқми, ҳар хили бор. Ким бўлса ҳам омадини берсин», - дея Бердиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Бугунги янгиликлар