Хорватиянинг Загреб шаҳрида Grand Chess Tour 2026 мусобақасининг учинчи босқичи Super Rapid and Blitz Croatia турнири бўлиб ўтди.
Унда дунёнинг энг кучли 10 нафар гроссмейстери иштирок этди. Ўзбекистон шарафини Нодирбек Абдусатторов ҳимоя қилди.
Рапид ва блиц йўналишлари якунига кўра, Нодирбек Абдусатторов 23,5 очко тўплади. У Франция вакили Алиреза Фирузжа билан бир хил натижа қайд этди. Ғолибни аниқлаш учун тай-брек ўтказилди.
Икки партиядан иборат тай-брек 1:1 ҳисобида якунланди. Армагеддон баҳсида эса ғалаба Фирузжага насиб этди.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни Алиреза Фирузжа эгаллади. Нодирбек Абдусатторов иккинчи ўринни қўлга киритди. У мусобақани кумуш медал билан якунлаб, 42,5 минг доллар мукофот соҳибига айланди.