«Уотфорд» собиқ ҳужумчиси Трой Дини «Манчестер Юнайтед» футболчиси Брайан Мбеумонинг GTA 6 ўйини билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини танқид қилди.
Аввалроқ 27 ёшли камерунлик футболчи жамоанинг янги бош мураббийи Маурисио Почеттино қўл остидаги илк машғулот арафасида GTA 6 сабаб кеч ухлагани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Мбеумо ярим тунда ижтимоий тармоқда ўйиннинг юкланиш экрани тасвирини эълон қилиб, унга «Тарихий лаҳза» деб изоҳ қолдирган. Бироқ футболчининг қанча вақт ўйин ўйнагани номаълум. Talksport журналисти Алекс Крук ҳам бу ҳолатга кескин муносабат билдирди.
«Унинг ёши нечада, 15 дами? Буни ҳаммага кўрсатишнинг нима кераги бор? Почеттино уни шунчаки таркибга киритмаслиги керак», — деди журналист. Трой Дини ҳам унинг фикрига қўшилди.
«Сенга қўшиламан, Крук. Бундай нарсаларни оммага кўрсатиш мумкин эмас. Сенинг онлайн ўйин ўйнаётганингни ҳеч ким билиши шарт эмас. Бу жуда ёмон сигнал беради.
Агар мен мураббий ёки жамоа сардори бўлганимда, унга шундай дердим: «Қани, нималарга қодирлигингни кўрсат. Бугун сени роса қийнаймиз.
Агар чарчаб қолсанг ёки болдир мушагингни шикастлаб олсанг, бу ҳақда ҳаммага айтаман. Чунки бу ерда муайян талаблар бор, сен эса уларга жавоб бермаяпсан».
Жамоада белгиланган стандартларга ҳамма риоя қилиши керак», — деди Дини Talksport эфирида.
Шу тариқа, Мбеумонинг оддий ижтимоий тармоқдаги пости янги мураббий иш бошлаётган бир пайтда унинг профессионал муносабати ҳақида баҳсларга сабаб бўлди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади